Самарқанд вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўпланганларга вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида болаларни соғлом ва хавфсиз овқатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Мамиров батафсил сўз юритди.
Уқтирилишича, вилоятаги 740 та давлат боғчаларидан 149 тасида, ёки 20 фоизида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш тизими йўлга қўйилган. Бу ишга 11 нафар тадбиркор жалб этилган. Тарбияланувчилар ушбу тизим асосида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Самарқанд, Пастдарғом, Пахтачи ва Нарпай туманлирида овқатлантирилади.
Бу оз эмасми? Нега ҳаммаси бўлиб МТТларининг бешдан бири соғлом овқатлантириш тизимига ўтган ва кўплаб туманларда бу тизим жорий этилмаган? Б.Мамиров қайд этганидек, Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 9 сентябрдаги қарорига мувофиқ дастлаб Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилотларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича эксперимент ўтказилди. Эксперимент ўзини оқлагандан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида аутсорсинг усули кенг жорий қилинадиган бўлди.
Ушбу қарорда давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра ташкил қилиниши белгилаб қўйилган. Шу сабабли вилоятлардан барча таклифлар вазирликка бормоқда ва масалани ҳал этилиши кўп вақт олмоқда. Танловни ҳар бир вилоят ўзи ўтказиб, масъулиятни ҳам ўзига олганда янги тизимга ўтиш балки унчалик кўп вақт олмасмиди?
Б.Мамиров вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида тарбияланувчиларнинг соғлом овқатлантиришини ташкил этишда қатор хато ва камчиликлар йўлга қўйилганлиги аниқланганлигини таъкидлаб, уларни санаб ўтди.
Давлат МТТлари омборхорасига таъминотчи ташкилотлардан келтираётгн болалар учун мумкин бўлмаган пахта ёғи ва ўсимлик ёғи асосидада тайёрланган спред ёғининг тарбияланувчиларга берилиши.
МТТларда “бракераж” комиссияси фаолият юритмаслиги. (“Бракераж” комиссияси – озиқ-овқат сифати ва маъёрда бирилишини текшириш мақсадида МТТ мудири, ҳамшира, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия).
Хўжалик ишлари мудирларининг кирим-чиқим омбор дафтарлаининг нотўғри юритилиши.
Таомнома юритилмаслиги. Бу бола сонини яшириш мақсадида атайлаб қилинади ёки айримлар бу борада аниқ тушунчага эга эмас.
Биринчи тез тиббий ёрдам воситалир бўлган дори-дармонларнинг муддати ўтганлиги ёки ҳамшираларнинг дори-дармон кирим-чиқим дафтарларини юритмаслиги. Боғчада 24 номдаги дори-дармон бўлиши керак.
Булардан ташқари, қайд қилиб ўтилганидек, МТТлардаги аксарият ошпазлар номутахассис ҳисобланади. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ошпазлар уюшмаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳозиргача 315 нафар ошпаз уюшма ташкил этган курсларда ўқиб, 3-разрядли ошпаз даражасига оид махсус касбий маълумотга эга бўлди.
Тарбияланувчиларни тўғри овқатланишини ташкил қилишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 2022 йилда 93 нафар МТТ мудирига ҳайфсан эълон қилинди, бир қатор ҳамширалар, ошпазлар, хўжалик ишлари мудирлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Б.Мамиров бундан кейин ҳам мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш масаласи бошқарма ходимлари диққат марказида бўлишини уқтириб, бу ишда жамоатчилик вакиллари, ота-оналар четда турмасдан, дахлдорлик ҳиссини англаган ҳолда ёндошсалар мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз