АҚШ Ўзбекистонга қиймати 410 минг долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали етказилган хайрия тўйимли сабзавотлар ва дуккаклилар аралашмасидан иборат бўлиб, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя муассасалари ва ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилади.
“Биз биргаликда мамлакат бўйлаб муҳтожларга озиқ-овқат ёрдами тарқатилишининг 13-босқичини амалга оширмоқдамиз. Бу озиқ-овқат таъминоти Ўзбекистонда эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлайди”, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.
131 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари 98 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилади. Кўмак мамлакатдаги 35 минг нафар ёрдамга муҳтож фуқаролар, хусусан, сил касаллиги билан оғриган беморлар, узоқ муддатли парваришлаш муассасалари, меҳрибонлик уйлари ва кексалар ва ногирон болаларни парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш муассасаларни қамраб олади.
Қайд этилишича, 2010 йилдан буён USAIDнинг озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан ортиқ 1425 тонна озиқ-овқат ёрдами етказиб берилган. Беғараз кўмак сифатида берилган озиқ-овқат маҳсулотлари Американинг нотижорат ташкилоти – “Resource and Policy Exchange” томонидан “Соғлом авлод учун” жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилади.
Ўзбекистонга келтирилган ушбу гуманитар ёрдам АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига киритган 122 миллион доллардан зиёд узоқ муддатли сармоясининг давомидир. Сўнгги 20 йил мобайнида берилган умумий ёрдам кўлами эса бир миллиард доллардан ошади.
Эслатиб ўтамиз, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, соғлиқни сақлаш, шу жумладан, COVID-19ни бартараф этиш ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун салоҳиятини ошириш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқда.