Оилани сақлаб қолиш учун қилинган барча ҳаракатлар натижа бермаганидан сўнг эр-хотинни бирга яшашга мажбурлаш қанчалик ўзини оқламоқда? Ёки бу фақат ўзимизни алдаб, “ҳаммаси яхши, зўр” эканлигини кўз-кўз қилиш ва статистикани бузмаслик учун қилинган ҳаракатми? Кейинги пайтларда рўй бераётган салбий ҳолатлар, жумладан, аёлларнинг ўзи ва фарзандлари жонига қасд қилганлигига, келиннинг қайнонасини уриб ўлдирганлигига ана шундай мажбурлашлар ҳам сабаб бўлмаяптими?
Халқимиз оилага, оиланинг тинч ва мустаҳкам бўлишига доимо катта эътибор қаратиб келган. Оилага жамиятимизнинг дастлабки ҳужайраси сифатида қаралган ва унинг осойишталиги бутун жамият манфаати учун хизмат қилиши таъкидлаб келинган. Уч минг йиллик тарихга эга бўлган “Авесто” китобида уйланиш ва келин танлаш, оила ва унинг аъзолари одоби, оилавий бурч каби масалалар ҳақида батафсил сўз юритилган.
Оила икки томоннинг ихтиёрий хоҳиши асосида барпо этилади. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси”нинг 63-моддасида қайд этилганидек, “никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”. Худди шунингдек, агар эр-хотин қандайдир асосли сабаб билан ажрашмоқчи бўлганда, уларнинг бу ихтиёрий хоҳишига қаршилик кўрсатиш ноўрин саналади.
Аммо бизда шаклланган ахлоқ-одоб нормалари бўйича, оила муқаддас деган тушунча қон-қонимизга қаттиқ сингиб кетганлиги боис, уни сақлаб қолиш учун жамиятимиз ўз масъуллигини доимо ҳис этиб келган. Чунки тўлиқ бўлмаган оила, айниқса, етим қолган болалар муаммоси жамият ва давлат учун маълум муаммолар келтириб чиқариши турган гап. Шу сабабли ҳам Бош қомусимизда “оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” эканлиги уқтириб ўтилган.
Ёш келин-куёвнинг ҳаётга, оила қадриятларига бўлган қарашлари турли хиллиги ва бошқа юзада турган сабаблар билан эр-хотин бирданига ажралиш қарорига келганда, қўни-қўшни, қўпни кўрган отахону онахонлар уларга насиҳат қилишини, ҳаётий мисоллар асосида оилани сақлаб қолишга интилишини оқлаш мумкин. Айнан шу йўл орқали арзимас тушунмовчилик асосида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сақлаб қолинганлиги ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу ишда маҳалланинг ўрни каттадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони биланмаҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ташкил этилган. Комиссия томонидан нотинч ва муаммоли оилалар рўйхати шакллантирилади, оила аъзолари ўртасида низо келиб чиққан тақдирда ҳар бир тараф билан суҳбат олиб борилади, муаммо сабаблари аниқланиб, келишмовчиликларни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилади.
Аммо доим ҳам бу ишлар самара беравермайди. Томонлардан бирининг хиёнати, эрнинг ичкиликка ружу қўйганлини, хотинини мунтазам калтаклаши каби ҳолатларда оилани мажбуран сақлаб қолишга интилиш унчалик тўғри бўлмаса керак.
Оилани сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракатлар натижа бермаганидан сўнг, эр ёки хотин никоҳдан ажратиш ҳақида судга мурожаат қилади. Шундан кейин ҳам уларга бир неча марта ярашиш учун муддат берилади. Бизда ажрим билан боғлиқ жараён йиллар мобайнида давом этиши мумкин. Эр ва хотин ажралишга икки қўллаб рози бўлса-да, улар ҳатто бирга яшамаса ҳам, бир-бирини кўришга кўзи бўлмаган тақдирда ҳам, улар бирга бўлишга мажбур қилинади. Оилани сақлаб қолиш мумкин бўлмаган тақдирда ҳам, эр ёки хотин томонидан бирор-бир ножўя ҳаракат содир этилиши мумкинлигини англасак-да, давлат органлари ва жамоатчилик вакиллари томонидан ажримга қаршилик кўрсатилади.
Афсуски, айрим реал ҳаётдан узоқ бўлган ва курсисига маҳкам ёпишиб олган раҳбарлар оилавий ажримлар бўйича “статистикани бузган” маҳалла ходимлари ёки “қаттиқ турмаган” суд органларини айблашади. Битта мисол келтираман.
Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокими ўтган йилнинг декабр ойида ўз фармойиши билан “оилавий ажримлар сони кескин ошиб кетганлиги сабабли 14 та маҳалла фуқаролар йиғини раисининг Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўллаган эди.
Шу йилнинг август ойида Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида рўй берган ваҳшийликдан сўнг жамоатчилик ва айрим мутасаддилар қарашларида бу борада ўзгариш юз берди. Жумладан, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Қуйи Чирчиқда рўй берган нохуш ҳолат юзасидан муносабат билдириб, эр ва хотиннинг мажбуран яшашига чек қўйиш кераклигини уқтирди.
Ўша ҳолатда эр хотинининг қотилига айланган. У мунтазам хотинин хўрлаб келган, калтаклаган. Аммо жамоатчилик ҳам, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам буни “эр-хотиннинг уруши дока рўмолнинг қуриши” деб ҳисоблаб, вақтида тегишли хулоса чиқармаган. Натижа аянчли тугаган.
Ана шу муносабат билан чиқиш қилган сенатор М.Қодирхонова қуйидагиларни таъкидлаган: “Газак олиб кетган муаммо бир четда қолиб, эр ва хотинни яраштиришга уринишга кўпроқ урғу бериш, бу билан мақтаниш авж олгани сир эмас. Айнан шунинг учун ҳам мажбуран бирга яшаётган оилаларда эрнинг аёлга зўравонлик қилиши, ҳатто унга оғир тан жароҳати етказиши, ўлдириб қўйиши каби ҳолатлар учраб турибди”.
Шундай экан, оилавий низолар келиб чиққанда вазиятни чуқур ўрганиш, муносабатларни тиклаш имконсиз бўлган тақдирда, эр ва хотинни бирга яшашга мажбур қилмаслик, ҳар икки томоннинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда вазиятни имкон борича юмшатиш йўли билан ажрим жараёнини амалга ошириш энг тўғри ва адолатли ечим бўлиши мумкин.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз