Ўт ўчириш машинаси ёнғин бўлган жойга сувсиз келганлиги ва сув қидириб, вақт ўтказганлиги ҳақидаги гаплар бот-бот қулоққа чилиниб туради. Шундай бўлиши мумкинми? Мазкур саволимга Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) бошлиғи Илҳом Исмоилов қуйидагича жавоб қайтарди:
“Бундай ўйлаш ўта хато. Фақат техника воситалари иш характерини билмайдиганларгина шундай ўйлаши мумкин. Чунки ўт ўчириш машиналарининг конструкцияси шундайки, улар сувсиз ҳаракатлана олмайди”.
Бошлиқнинг жавобига қараб бундай гап қаердан чиққанлигини сезгандек бўлдим. Маълум бўлишича, кейинги пайтгача ўт учирувчилар ихтиёрида бўлган машиналариниг сиғими 2 тонна сувга мўлжалланган бўлиб, шунча сув ҳаммаси бўлиб 4 дақиқага етар экан. Сув озгина фурсатда тугашини кўрганлар машина сувсиз келган деб ўйларкан. Фақат яқиндагина ўт ўчирувчилар ихтиёрига 9 та 6 тонналик машина келтирилган.

Вилоят ФВБ бошлиғига юқоридаги саволни ОАВ вакиллар билан ўтказилган матбуот анжуманида берган эдим. Анжуман давомида аҳоли ўртасида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, жумладан, ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатлари ва бошқарма томонидан амалга оширилаётган профилактика ишлари ҳақида батафсил сўз юритилди.
Тадбир аввалида И.Исмоилов қиш фаслида иситиш муаммоси билан боғлиқ фожиаларнинг тез-тез содир бўлиши сабабли бу давр “йилнинг энг ташвишли мавсуми” эканлигини ва ҳар йили ёнғинлар, турли бахтсиз ҳодисалар рўй беришини эслатди. Айнан шунинг учун Ҳукумат комиссиясининг 10 ноябрдаги қарори билан 15 ноябрдан 15 декабргача мамлакатимизда Ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказиш белгиланди.
Фақат ойлик давомида эмас, йил бўйи профилактика ишлари олиб борилиши, ёнғиннинг оқибатлари билан курашиш, бунга йўл қўйганларни жазолаш эмас, балки мавжуд ҳолатларнинг сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш ФВВ вазифаси эканлиги таъкидланди.
Уқтирилишича, куз-қиш мавсуми давомида профилактик тадбирларга Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 350 нафар ходими жалб қилинган. Улар томонидан 102 мингта аҳоли турар жойлари ва 704 та дала ҳовлилар текшириб чиқилган ва 12 мингдан кўпроқ камчиликлар аниқланиб, улардан қарийб 10 мингтаси бартараф этилган.
Вилоят ФВБ бошлиғи бу йўналишда амалга оширилган ишлар устида тўхталиб, яна кўплаб рақамлар келтирди. “Тарғибот-ташвиқот ишларимизни тўхтатиб қўймаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ. Вазирлигимиз профилактик ишларимиз самарадорлигини ошириш мақсадида бу ишга кўпроқ маблағ ажратмоқда. Натижада кўргазмали тарғибот воситалари, қисқа метражли фильмлар, роликлар тайёрлаяпмиз”, – дейди И.Исмоилов.
Матбуот анжуманини вилоят ФВБ бошлиғи ўтказаётганлигидан фойдаланиб, бундан аввал бир неча марта ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалага ойдинлик киритиш мақсадида, сохта ўт ўчирувчилар ва мўри тозаловчилар ҳақида савол бердим. Дарҳақиқат, кейинги йилларда хонадонлар ва корхоналарга ўзини ФВБ ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими деб таништириб, пул талаб қилаётган қаллоблар пайдо бўлди. Улар хизмат гувоҳномаси ва ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими кийимида бўлади. Уларни бир қарашда ФВБ ходимидан ажратиш мушкул.
И.Исмоилов сохта ўт ўчирувчини ФВБ ходимидан ажратиш учун қуйидагиларга эътибор қаратишни сўради. Ходимнинг хизмат гувоҳномисида қайси қисмда хизмат қилиши ёзилади ва штрих коди бўлади. ФВБ ходими хонадонга боришдан олдин маҳалла раисига учрашиб, унинг ёки маҳалла ходимларидан бирининг ҳамроҳлигида уйма-уй юради.
Шу муносабат билан ўзидан-ўзи бир савол туғилади. Масъулияти чекланган жамият мақомига эга, фойда олиш учун ташкил этилган хусусий фирма ходимлари ўт ўчирувчилар махсус кийими (формаси)да юриши, хизмат гувоҳномасида ўзида йўқ унвонни (масалан, лейтенант) деб ёзиб қўйса ёки бошқача ҳужжат сохтакорлигига йўл қўйса, нега улар қонун бўйича жазога тортилмайди?
Ўтган йили ана шундай ҳолат юз берганда, яъни маҳалламизга сохта ўт ўчиручилар келганда, мен ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилган эдим, ФВБ, ИИБ ва прокуратурага чора кўриш учун мурожаат ҳам этдим. Аммо “қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган шиорларга амал қилинмади. Қонун бузганларга чора кўрилмади…
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз