28.8 C
Узбекистан
Вторник, 22 июля, 2025

Кўзбўямачилик. Ҳоким қабули нимага ўтказилади?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,670участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласидан Манзура Норқулова вилоят ҳокими ўтказган сайёр қабулга умид билан борган эди. У бу даражада кўзбўямачиликка дуч келаман деб ўйламаган эди. Шахсий маслада бормаган бўлса! Ҳеч бўлмаганда, мутасаддилар мурожаатда кўтарилган муаммони чуқур ўрганиб, ҳокимга у бўйича аниқ маълумот бериши керак эмасмиди?

24 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар боғида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказди. Қабулдан сўнг тарқатилган расмий хабарга кўра, сайёр қабул давомида 1085 нафар фуқаро ўзини қийнаб келаётган 2730 та муаммо, таклиф ва мулоҳазасини билдирган. Барча масалаларга вилоят ҳокимлиги томонидан масъуллар бириктирилиб, бир ҳафталик муддат билан ижроси назоратга олинган.

Сайёр қабулга борган М.Норқулова Боғимайдон ҳудудида жойлашган 16-мактабгача таълим ташкилотининг аянчли аҳволи ҳақида, уни давлат дастурига киритиб, тўла реконструкия қилиш ёки янгисини қуриш таклифини берган. Вилоят ҳокими аҳвол билан танишиш мақсадида МТТга шахсан боришга ваъда берган. Бу ҳақда ўша куни кечга яқин хурсандчилигини яшира олмаган М.Норқулова менга қўнғироқ қилди.

Бориб қарасам, шанба куни кечки пайт бўлишига қарамасдан, “айбдор”нинг ўзи, МТТ мудираси Г.Амриддинова, фаррошлар тозалик билан банд эди. Уларнинг уқтиришича, шаҳар мактабгача таълим бўлимидан вакиллар келиб, МТТ ва унинг атрофининг тоза ва озода бўлишини таъминлаш зарурлиги, якшанаба ёки душанба эрталаб вилоят ҳокими келишини тайинлаган.  

Вилоят ҳокими келмади. Янги гап чиқди. 28 сентябрда шаҳар мактабгача таълим бўлими (ШМТБ) ходими 16-МТТда бўлиб, Тошкентдан,  вазирликдан масъуллар келишини ва тайёр туришни уқтирган. Аммо улар ўрнига ШМТБ бошлиғи  С.Номировнинг вакили (М.Норқулова сўзларига кўра, Дилшод исмли бошлиқнинг ёрамчиси ёки ўринбосари) келиб, ҳеч кутилмаган йўл тутган. У М.Норқуловага олдиндан тайёрлаб келинган тушунтириш хатини тутқазиб, унга имзо қўйишни талаб қилади. Тушунтириш хатида “МТБдан келиб, менга 16-МТТнинг том қисми ва ҳожатхонаси таъмирлаш бўйича маълумот бердилар. Шу масала бўйича эътирозим йўқ” деб ёзилган.

Мана, сизга фуқаро мурожаатига муносабат! Нима бўлса ҳам аризани “ёпиш”. Масалани ҳал қилиш эмас, юқорига “бажардик” деган рапорт бериш. Йиллар давомида шаклланган оддий кишилар мурожаатига бўлган муносабат ўзгармади. Ахир, вилоят ҳокими “ўзим жойига бориб, муаммони ўрганаман” деган ва балки иши кўплигидан кела олмаган экан, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи мутахассислари билан келиб, муаммо билан танишиб, вилоят ҳокимига ҳисобот тақдим этиши, муаммо ҳақида аниқ маълумот бериши, уни ҳал қилиш мумкин бўлса, таклиф киритиши, бўлмаса сабабини асослаб бериши керак эмасмиди?

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов 20 сентябрь куни ўтказган фаоллар йиғилишида айрим раҳбарлар аҳолининг ҳақли талабларини бажаришга бепарволик қилиб, ўз ҳаракати билан фуқароларда давлатга нисбатан норозилик ҳиссини уйғотаётганини билдирган эди. Тўғри-да, давлатимиз раҳбари инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун деб мунтазам такрорлаб турган бўлса, мен-манликка берилган ҳокимларни жазалаётган, эгаллаб турган лавозимидан четлаштираётган бўлса, мактабгача таълим бошқармаси ва бўлими раҳбарларининг бундай хатти-ҳаракатини, аниқроғи, ҳаракатсизлигини қандай тушунмоқ лозим?

Аслида, вилоят ҳокими нега сайёр қабул ўтказади? Қабулга мурожаат билан келганлар ундан аввал турли идора ва ташкилотларга бош суқиб борган, югур-югурдан, сансалорликдан безор бўлиб, умид билан вилоят раҳбари ҳузурига боради. Агар шикоят билан келган фуқаронинг талаби асосли бўлса, мутасаддилар унга беписандлик билан қараган бўлса, нега аввал ўшалар жазога тортилмайди? Шундай қилганда, идора ва ташкилот раҳбарлари ҳар бир мурожаатга жиддий ёндошган бўлармиди? Фуқаролар ҳам сарсон бўлмасди, вилоят ҳокими ва барча бошқармаю бўлим раҳбарлари ишдан қолмасдан, ўз вазифасини бажарарди.

Ўзи 16-МТТдаги аҳвол қандай? Нега жамоатчилик номидан фуқаро М.Норқулова ёрдам сўраб юқори ташкилотларга мурожаат қилиб келмоқда? Гап шундаки, боғча биноси бундан 40 йиллар аввал қурилиш ташкилоти идораси учун бунёд этилган. Яъни бу – мослаштирилган бино.

Таниқли маърифатпарвар, шоир, журналист Ҳожи Муин ўзининг 1919 йилда ёзган «Болалар боғчаси» мақоласида ўша пайтда аҳоли деярли бехабар бўлган мактабгача таълим ва тарбия тизими ҳақида сўз юритади ва бу муассасанинг мақсади, вазифаларини баён қилади. Мақолада шундай жумлалар бор: «Болалар боғчаси» шундоқ бир бинодирки, анда ўқув ёшига етмаган 4-6 яшар болаларни йиғиб асрайдирлар. «Болалар боғчаси» шаҳарнинг энг яхши ва хушҳаво еринда, боғчалик бир бинода бўладир”.

Эътибор қаратинг: бундан бир асрдан кўпроқ вақт олдин болалар боғчаси “шаҳарнинг энг яхши ва хушҳаво ерида” фаолият олиб бориши ҳақида сўз бормоқда. Энди ҳозирги МТТ аҳволини қаранг.

Аслида, ҳозир ҳам болар боғчаси қандай бўлиши бўйича махсус талаблар мавжуд. “Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим муассасаларининг жойлашуви, тузилиши ва ташкиллаштиришга оид санитария-гигиеник талаблар” деб номланган ҳужжатда (СанПиН №_0355-18) ҳаммаси аниқ ва очиқ баён қилинган.

Масалан, 3 ёшгача бўлган болалар тарбияланаётган гуруҳларда болалар сони 20 нафардан, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар тарбияланаётган гуруҳларда болалар сони 25 нафардан ошмаслиги лозим.

16-МТТда 19 м2 катталикдаги хонада 26 бола, 24 м2 катталигида эса 29 нафар бола жойлаштирилган. Каравотлар жуда зич қўйилган. Меъёр бўйича каравотларнинг узун томонлари оралиғи 0,65 м, уларнинг бош қисми оралиғи 0,3 м ва улар иситиш асбобларидан 0,2 м узоқликда бўлмоғи лозим. Ушбу боғчада эса бир каравотдан иккинчисига ўтиш учун бошқасининг устига чиқишга мажбур бўлишади. 

Ҳужжатда МТТ ҳудудига асфальт қопламаси ётқизиш қатъиян тақиқланиши уқтирилган. “Бизнинг” боғчада бир вақтлар асфальт ётқизилган, ҳозир у ночор аҳвога келган. Яна бошқа қатор талаблар борки, уларга риоя қилишнинг имкони йўқ. Масалан, ошхонага кириш боғча ҳовлисидан эмас, кўча томонидан алоҳида бўлмоғи лозим, хоналарни мунтазам шамоллатиб туриш шарт (бу боғчада айрим хоналарнинг дерезаси очилмайди) ва бошқалар. 

Ана шундай оғир аҳволга қарамасдан, 16-МТТ тарбиячи ва тарбияланувчилари қатор муваффақиятларни қўлга киритишаётганлиги диққатга сазовордир. Масалан, болажонлар шаҳар миқёсида бўдиган тадбирлар, мусобақларда рақс, расм чизиш, спортнинг шашка тури бўйича қатнашиб келмоқда. Тарбиячи Гулчеҳра Саидова маънавий-маърифий ишларни намунали йўлга қўганлиги учун вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланган эди.

Тарбиячи-педагог Назира Саломова эса 2021 йилда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловнинг шаҳар босқичида биринчи ўринни, вилоят босқичида эса учинчи ўринни эгаллаган эди. Бу йилги кўрик танловда ҳам шаҳарда биринчи ўринга муносиб кўрилди. Ҳозирда вилоят босқичида қатнашиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Ғолибнинг  сурати Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлими сайтидан кўрик-танлов ҳақида хабарга илова қилинган суратлардан олинди.

ФОТО 08

Саломова Назира — танлов ғолиби

Демак, агар боғча ҳозирги талаблар асосида қайта қурилиб, жиҳозланса, жамоа ишни рисоладагидек ташкил қилишга қодир. Айни пайтда 90 ўринга мўлжалланган боғчада, 84 нафар бола тарбияланмоқда, ишлаётганлар сони эса 19 нафар.

Охирида шуни таъкидламоқчи эдимки, ушбу боғчани тўла реконструкция қилишга тайёр маҳаллий тадбиркор бор. Фақат мутасаддилар келиб, уни эшитиши ва ҳар икки томонга тўғри келадиган йўлни топиши лозим.

Тошпўлат Раҳматтуллаев
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Академик лицейларга кириш имтиҳонлари вақти маълум бўлди

2025 йил 24 июль — тест синовлари республиканинг барча ҳудудларида, 25 июль — Тошкент шаҳрида махсус белгиланган ҳудудларда ўтказилади. Тест...

Больше похожих статей

×