“Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳаси Самарқанд вилоятида қандай амалга оширилмоқда? Судьялар бевосита маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан урашув, сайёр қабуллар ташкил этмоқдами?
Қонундан яхши хабардор, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданияти баланд бўлганлар ўз ҳақ-ҳуқуқи паймол бўлишига йўл қўймайди, ҳар қандай шароитда ҳам ўзини ҳимоя қила олади. Шу сабабли маҳаллалар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ҳар қандай тадбир ўтказишдан манфаатдор ва бу ишга жиддий ёндошмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Маруфжон Рўзиев 8 та маҳаллага масъул этиб тайинланган. Навбати билан жойларда бўлиб, ҳуқуқий мавзуларда суҳбатлар ўтказмоқда. Яқинда ана шундай учрашувлардан бири Боғимайдон маҳалласида бўлиб ўтди.

М.Рўзиев учрашув давомида қонундан бехабарлик одамни жазодан қутилишига сабаб бўлмаслигини таъкидлаб, ҳуқуқий саводсизлик қандай оғир оқибатларга олиб келишини ҳаётий мисоллар асосида очиб берди.
“Маълум бўлишича, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали “Боғимайдон” почта алоқа боғламаси моддий жавобгар шахслари ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзганинг анча миқдордаги мол-мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Албатта, ҳолатга суд ўз жавобини беради. Бу, ўз навбатида, нафақат оддий аҳоли, балки мансабдор ва моддий жавобгар шахслар орасида ҳам ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ва унинг янги йўлларни топиш лозимлигини кўрсатмоқда”, – дейди М.Рўзиев.


Учрашув охирида нотиқ тўпланганларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича бераган саволларига жавоб қайтарди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси Ориф Пардаев аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлар экан, қуйидагиларни таъкидлади: «Менинг маҳаллам – менинг судьям» лойиҳаси асосида Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда фуқароларнинг мавжуд ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва уларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. 7 нафар судьямиз мунтазам маҳаллаларда бўлмоқда”.
Суҳбатдошимнинг уқтиришича, “Аёллар давтари”га киритилганлар билан секторлар кесимида алоҳида қабуллар ўтказилмоқда. Уларда шаҳар ҳокимлиги ҳамда ҳокимлик бўлимларининг мутасаддилари қатнашмоқда. Қабулдан мақсад хотин-қизларнинг муаммоларига жойида ечим топишдан иборат.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз