Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида халқпарвар давлат яратиш, инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш энг устувор йўналишлар қаторида белгиланган. Бугун юртимиздаги 7 та “Саховат” 28 та “Мурувват” уйларида 9,3 минг нафар шахслар васийликка олинган бўлиб, шундан 852 нафари кексалар, 6,4 минг нафари ногиронлиги бўлган эркаклар ва аёллар, 2 минг нафари ногиронлиги бўлган болалардан иборат. Давлатимиз раҳбарининг “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика панционати фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу муассасаларда тиббий-ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатишнинг янгиланган тизимини жорий этишга қаратилган.
“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳудудида 2023-2024 йилларда видеокузатув мосламаларини тўлиқ ўрнатилади ва интеграция қилинади.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб “Мурувват” болалар интернат уйлари тарбиячиларини ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитиш тартиби жорий этилади.
2023 йил 1 июнга қадар руҳий ва жисмоний ривожланишида камчилиги бўлган шахсларнинг замонавий абилитация ва реабилитация муолажаларидан ўтиши учун “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари негизида зарур технологик шароитлар яратилади. Амбулатор шароитда даволанаётганлар учун янги педагогик ва инновацион технологияларга асосланган дастурлар жорий этилади ҳамда ота-она ёки васийларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатилади.
2022 йил якунига қадар ҳамда келгусида ҳар йили камида бир маротаба “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган шахсларни навбатдан ташқари диспансеризациядан ўтказишни ташкил этилади ва натижасига қараб уларга манзилли тиббий-профилактик тадбирларни белгиланади.
2022 йил якунига қадар, тиббий-ижтимоий муассасаларни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун зарур бўладиган спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарлар билан таъминланади. Ҳар йили 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб “Мурувват” болалар уйларининг тарбияланувчилари ўртасида республика миқёсида спорт мусобақаларини уюштирилади.
Ҳар чоракда тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексаларнинг театр, концерт ва музейларга ташриф буюриши ҳамда таниқли ёзувчи ва адиблар билан маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилишини ташкил этилади.
2022 йилда Наманган вилоятининг “Саховат” интернат уйи ҳудудида ушбу муассасанинг чекланган штат бирликлари доирасида нуронийларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш мақсадида кундузи хизмат кўрсатувчи 50 ўринли “Кексалар боғи” ташкил қилинади. Ушбу амалиёт Финландия, Шветсия, Россияда кенг тадбиқ этилган бўлиб кекса ёшдаги шахслар ке кундузги тиббий-ижтимоий ва маиший хизматлар мутахассислар томонидан амалга оширилади.
“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, тикувчилик ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича қисқа муддатли бепул курслари ҳамда интернат уйларида истиқомат қилаётган шахслар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазма савдоларини мунтазам равишда ташкил қилиш амалиёти жорий этилади.
Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган 300 ўринли “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи ажратилган маблағ доирасида аёллар интернат уйига мослаштирилади. 2022 йил 1 октябрга қадар ушбу “Мурувват” аёллар интернат уйи тўлиқ фойдаланишга топширилади.
2022-2025 йилларда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Унда белгиланган вазифаларнинг ижрочи натижасида интернат уйлари 12 турдаги замонавий протезлаш, абилитация, реабилитация жиҳозлари ва маиший техникалар билан таъминланади.
Қарорда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун 2022-2025 йилларда 179 млрд сўм ажратилади.
Бир сўз билан айтганда ушбу қарор тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш орқали, у ерда яшовчиларни давлат томонидан қўллаб қувватлаш чоралари янада кучайтирилади.