Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ташриф буюрган шу туманда истиқомат қилувчи истеъмолчи Л. туман электр таъминоти корхонаси томонидан юкланаётган 1 366 052 сўм қарздорликни аслида жорий йил бошида тўлаган бўлсаларда, иш негадир мажбурий ижро бюросига оширилиб, ушбу идора ходими қарздорликни ундириш ҳаракатларини амалга ошириш учун келганлигини ва у билан ади-бади айтишишгача борганлигини айтиб, ёзма мурожаатини топшириб кетганди.
Мурожаатни электр таъминоти идораси маъсул ходимлари билан биргаликда ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, хонадонга янги ASKUE электрон ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи қарздорлик мавжуд бўлганида автоматик тарзда тармоқдан ўчиш тизимига уланган бўлсада, мазкур ҳисоблагичга ташқи аралашув йўли билан перемичка қўйиб олиниб, автоматик тарзда ўчмайдиган қилиб олинганлиги сабабли фойдаланилган электр энергиясидан 01.12.2021 йил ҳолатига 1 366 052 сўм қарздорликка солиштирма далолатнома ҳам тузилганлиги маълум бўлди.
Истеъмолчи ушбу далолатнома асосида 26.01.2022 йил куни қарздорликни бартараф қилган. Лекин негадир туман электр таъминоти корхонаси ушбу қарздорликни ундириш бўйича Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига яна хабарнома киритган. Натижада тушунмовчилик юзага келган.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчининг қўлидаги мавжуд тўлов квитанциялари асосида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди. Ўрганиш якуни билан эса истеъмолчи бир марта тўланган қарздорликни иккинчи марта тўлашдан халос бўлди.
Шавкатжон САИДОВ
Ёзёвон туман жамияти мутахассиси