Маъмурий ҳуқуқ соҳасида суд ишларини юритиш турларидан бири давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритишдир. Бу туркумдаги ишларни бугунги кунда фуқаролик қонунчилигидаги тутган ўрни, фуқароларнинг ариза ва шикоятларини суд тартибида ҳал этишдаги ижобий жиҳатлари амалиётда ўз самараларини бераётганлиги шахс манфаатларини, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда намоён бўлмоқда.
Судда иш юритишнинг бу турига оид масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган процессуалист олимларни асосан икки катта гуруҳга бўлиш мумкин. Улар томонидан билдирилган фикрлар қанчалик мустақил бир-бирига узвий равишда алоқадор ва бир-бирларини нечоғлик тўлдириб борса-да, бу олимларнинг фикр-мулоҳазалари ҳозирги кун талаблари нуқтайи назаридан қанчалик тўғри ва баҳсли эканлигини, шунингдек билдирилган ҳар бир фикр иш юритишнинг ушбу турига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича суд ишларини юритиш ишлари билан боғлиқ масалаларни яхши билиб олишда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги, бу иш юритишнинг ҳуқуқни даъво шаклида ҳимоя қилиш билан қанчалик боғлиқлиги ва унинг ўзига хос томонларини аниқлаб беришдаги роли нималардан иборат эканлиги масалаларни илмий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади. Оммавий-ҳуқуқий низолар атамаси биринчи марта Тихомиров томонидан таклиф қилинган бўлса, доктринада ушбу турдаги низолар қонун билан белгиланган жамоат характерига эга бўлган ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиладиган тартиб сифатида тушунилган.
Маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни судларга тааллуқли бўлиши қонунда белгилаб қўйилган бўлиб, бундай туркумдаги ишлар қонунда кўрсатилганидек, фуқаролик-суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига амал қилган ҳолда кўриб ҳал қилинади (ФПКнинг 265-моддаси). Шунинг учун бу ҳуқуқ соҳасидан келиб чиқадиган ишлар бўйича суд ишларини юритиш турини даъволи ишларга оид суд ишларини юритиш тури билан таққосламасдан туриб, унинг ўзига хос хусусиятларини етарли даражада ёритиб бўлмайди.
Судларга тааллуқли маъмурий-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий моҳияти, –дейди айрим процессуалчи олимлар, бу ҳокимият соҳиблари ва унга итоат этувчилар ўртасидаги муносабат бўлиб, бундай муносабатда ҳуқуқ тўғрисида ҳеч қандай низо бўлиши мумкин эмас, чунки ҳокимият органи барча ҳолларда ўз ваколатларини ҳуқуқий муносабатнинг бошқа субектига нисбатан мустақил тарзда амалга оширади. Шу боисдан суднинг вазифаси ҳуқуқ тўғрисидаги низони ҳал қилиш эмас, балки давлат ҳокимияти ва давлат идора органлари (мансабдор шахслар) ҳаракатларининг қонунийлигини текшириб чиқишдан иборат бўлиши керак, – деб таъкидлайдилар.
Маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича суд ишларини юритишда ҳуқуқнинг мавжудлиги, манфаатлари бир-бирига зид тарафларнинг бўлиши ва улар иштирокининг мажбурийлигини исботлайди. Дарҳақиқат, фуқаронинг маъмурий орган ҳаракатини нотўғри ҳисоблаб, судга шикоят билан мурожаат қилишлигини, шунинг ўзи фуқаро маъмурий орган ҳаракатидан рози эмаслигини ўрсатувчи омил бўлиб, у бундай ҳаракат юзасидан низолашишидан далолат беради ва бу ўз навбатида маъмурий-ҳуқуқий муносабатларнинг низоли табиатини кўрсатади. Бундай ҳолда суд процесси тортишувчилик принсипи асосида амалга оширилиб, фуқаро маъмурий орган ҳаракатининг ғайриқонуний эканлигини исботлайди, маъмурий орган эса, ўз навбатида фуқаронинг шикояти билан келишмаган тақдирда, ўз ҳаракатининг қанчалик қонуний ва асосли эканлигини исботлаши ва фуқаронинг шикоятини рад этишни талаб қилиши мумкин.
Юқорида баён қилганимиздек, маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларда айрим муаллифлар, суднинг асосий вазифаси ҳуқуқ тўғрисидаги низони ҳал қилиш эмас, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахслар ҳаракатининг қонунийлигини текширишдан иборат бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар.
Демак, бундай туркумдаги ишларнинг замирида фуқаролик низо ҳуқуқий талаб эмас, балки маъмурий талаб ётади. Ҳуқуқий муносабат давлат ҳокимияти ва бошқаруви мансабдор шахслари билан ҳуқуқи бузилган шахслар ўртасида вужудга келади.
Маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларда манфаатдор шахс, яъни иш юзасидан арз қилувчи шахс, судга даъво аризаси билан эмас, шикоят ёки оддий ариза билан мурожаат қиладилар. Бундай тартиб процессуал қонунчиликда ўз ифодасини топган. Айрим процессуалчи олимлар бу масалага ўз муносабатларини билдириб, даъво аризаси ва шикоят тушунчасини чегаралашга ҳаракат қилиб, 1) даъво аризаси деганда, даъвогарнинг жавобгарга нисбатан билдирган моддий-ҳуқуқий талабларини ўзида ифода этишини; 2) шикоятда эса бундай талаблар бўлмаслигини билдирганлар.
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 3-кичик бўлими давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритиш билан боғлиқ туркумдаги ишлар деб номланишининг ўзи айрим мулоҳазаларга чорлайди. Бундай туркумдаги ишларни кўришда Фуқаролик процессуал қонунчилиги “даъво” сўзини татбиқ этмаганлиги, фақат “шикоят” ва “ариза” сўзлари ишлатилганлигининг гувоҳи бўламиз.
“Шикоят” ва “ариза” сўзларининг мазмун-моҳияти нималарни англатади, деган саволга қуйидаги тушунтиришларни келтиришни лозим топдик.
“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2002-йил 13-декабрдаги қонунида кўрсатилишича, фуқароларнинг мурожаатлари (бу ерда қайси органга мурожаат этишдан қатъи назар) ариза, таклиф ёки шикоят кўринишида бўлиши мумкинлиги баён қилинган. Унда:
ариза деганда – фуқаронинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоси баён этилган ҳужжат эканлиги;
таклиф – фуқароларнинг давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳужжат эканлиги;
шикоят – фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш тўғрисидаги талаби баён этилган ҳужжат эканлиги ифодаланган.
Хулоса ўрнида шу таъкидлаш лозимки, маъмурий судларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимояланишига мустаҳкам конституциявий механизм ҳисобланади.
Боботўхтаев Соҳиб
Яккасарой туман юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти