26.9 C
Узбекистан
Суббота, 21 сентября, 2024

Шайх Сухий мақбараси обод этилса, Самарқанддаги зиёратгоҳлар сони яна биттага кўпаяди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд шаҳрининг Боғимайдон маҳалласида Обираҳмат ариғининг қирғоғида “Шайх Сухий” номли мақбара мавжуд. Унинг ёнида бўй чўзган улкан чинор дарахти атрофга қуюқ соя ташлаб, ўзига хос тароватли муҳит яратган.

Кўп йиллар давомида мақбара қаровсиз қолиб кетганлиги боис кўримсиз ҳолга келиб қолган эди. Қабрни ва унга туташ ҳудудни ободонлашитириш ишларини бундан 50 йил аввал Аҳмаджон Ҳожи Зубайдов амалга оширган эди. Шуни таъкидлаш жоизки, асли боғимайдонлик бўлган бу қўли очиқ ва камтарин инсон ҳаж сафарига бориш ўта чекланган вақтда бу амални ижро этишга муяссар бўлган.

Аҳмаджон Ҳожи Зубайдовнинг саъй-ҳаракати билан қабр устида мақбара бунёд этилди, атрофи девор билан ўраб олинди ва деворга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган маҳалладошларининг исмлари ёзилган мармар лавҳалар ўрнатилди.

Хўш, Шайх Сухий ким? Ушбу исм билан аталган авлиё ёки машҳур диний арбоб бўлганми? Биз бу саволга жавоб топиш мақсадида қадимшунос олим Комилхон Каттаевга мурожаат қилдик. Олимнинг изланишлари натижа берди ва у Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи қўлёзмалар хазинасида мавжуд қадимий китобнинг Самарқанд вилояти мозорлари санаб ўтилган саҳифасидан Шайх Сухийнинг ҳақиқий номини топишга мушарраф бўлди. Унинг асл номи Сайид Мир Муҳаммад бўлиб, тасаввуф тариқатидаги лақаби Шайх Сухий бўлган экан.

Бу зотнинг нега «Сухий» лақабини олганига эътибор қаратиб, К.Каттаев қуйидагиларни уқтиради: “Қадимий форс тилида пиёзни «сух» деб аташган. Ушбу тариқат пешвоси пиёз етиштириш билан шуғулланган, кўринади. Самарқанд тарихининг билимдони В.Вяткин Боғимайдон яқинида «Кулбаи Пиёзкорон» (Пиёз экувчилар қўрғони) номли мавзе мавжуд эканлигини ёзади. Яъни, бу атрофда аксарият деҳқонлар пиёз етиштириш билан шуғулланган. Тариқат ва илм пешволарининг баъзилари деҳқончилик билан машғул бўлиб, уларнинг лақаблари ҳам шундан келиб чиққанига кўп мисоллар келтириш мумкин”.

Ўз хулосаларига якун ясар экан, К.Каттаев Шайх Сухий лақабини олган Сайид Мир Муҳаммад номли илм ва тариқат пешвосига тегишли бўлган мақбара камида 600 йиллик тарихга эга эканлигини таъкидлайди.

Кейинги йилларда Шайх Сухий мақбараси унинг яқинида жойлашган ҳовлиларда яшаётган боғимайдонликлар томонидан тартибга келтириб турилди. Жумладан, 85 ёшни қоралаган Тўйчи Бобоев (маҳалладагиларга бу самимий инсон Ёқуб ака номи билан маълум) мунтазам ерни юмшатиш, гул экиш ва дарахтларни суғориш ишларига бош-қош бўлди, Талътжон Алимов ўнлаб арча дарахти келтириб ўтқазди.

Маҳалла аҳли мақбара ва унинг ҳудудини ободонлаштириш, эски девор ҳамда дарвозани янгилаш ташаббуси билан чиқиб, бу жойнинг кимга, қайси идорага тегишли эканлигига аниқлик киритиш мақсадида 2021 йилда Самарқанд шаҳар ва вилоят ҳокимларига мурожаат йўллаган эди.

Жорий йил баҳорда бўлиб ўтган Шаҳарсозлик кенгашида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Шайх Сухий мақбараси ободончилиги учун масъул сифатида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалини бириктириш ҳақида таклиф киритган эди. Бунда ушбу ОТМ Боғимайдон маҳалласига яқин жойлашганлиги ҳам инобатга олинган. 

Бу вазифани бажаришга ТАТУ филиали жамоаси унинг директори Зайниддин Қаршиев бошчилигида жиддий киришди. Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари Фаррух Усмонов мақбарада тез-тез бўлиб, амалга оширилаётган ишларни назорат қилиб турибди.

Яқинда “Овози Самарқанд” вилоят газетаси бош муҳаррири, Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Баҳодир Раҳмонов Шайх Сухий мақбарасини ободонлаштириш учун кенг жамоатчиликни жалб қилиш учун нималар қилиш лозимлигини муҳокама қилиш мақсадида Боғимайдон маҳалласида бўлди.

“Агар биз мақбара ва, биринчи навбатда, Шайх Сухий кимлиги ва қандай кароматлар кўрсатганлиги ҳақида жамоатчиликни хабардор қилсак, бу ерга келадиган зиёратчилар сони ҳам, мақбара ва унинг атрофини талаб даражасига келтиришга хизмат қиладиган савобталаб инсонлар ҳам топилади”, – деди Б.Раҳмонов. 

Шуни таъкидлаш лозимки, Боғимайдон маҳалласинниг тадбиркорлари мақбарада амалга ошириладиган ишларга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдиришди. Улар қилинадиган ишлар кўламини аниқлаш мақсадида мақбарада бўлишди.

Айни пайтда бажарилиши лозим бўлган муҳим иш бу ланшафт дизайни мутахассислари ёрдамида мақбара жойлашган ҳудудни ободонлаштириш орқали чиройли зиёратгоҳ яратишдан иборат. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва шаҳар архитектура бўлимининг ёрдами керак бўлади.

Кўпчилик бўлиб, савоб иш охиригача етказилса, Самарқанддаги зиёратгоҳлар сони яна биттага кўпайиши шубҳасиз.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ҳиндистон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон билан ўйнаб, очко йўқотди

Шахмат Олимпиадасининг 9-турида дастлабки икки поғонани эгаллаб турган Ҳиндистон ва Ўзбекистон гроссмейстерлари ўзаро куч синашди. Олимпиаданинг энг муросасиз баҳсида тўртала...

Больше похожих статей

×