13.4 C
Узбекистан
Четверг, 28 марта, 2024

Ҳоким – халқнинг ёлланма ишчиси сифатида шижоатли номзодларни маҳалла раислигига тавсия этиши лозим эмасми?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,180участниковПодписаться
- Advertisement -

Маҳалла раисларидан бири норози оҳангда айтган сўзлари ҳанузгача мени ўйлантирмоқда. У туман ҳокимига маҳаллаларда жорий этилаётган фаол аёл лавозимига ўзи яхши билган, тизимда ишлаб келаётган номзодни ҳимоя қилса, ҳоким “сени ҳали шундай дерзкийми? Кўраман, қандай қилиб маҳалла раиси сайловидан ўтасан” дебди.

Бу қандай гап бўлди? Давлатимиз раҳбари барча ишлар маҳаллада ҳал бўлсин десаю, ҳокиму бошқа амалдорларни пастга туш, маҳаллага бор, масалани ўша ерда ҳал қил деб кўрсатма бериш билан бирга тегишли фармону қарорлар қабул қилсаю, ҳокимлар эски қолиплардан халос бўлишни истамаса, буни қандай тушунмоқ лозим? Жамиятга хизмат қила оладиган номзодлар маҳалла раислигига сайланса, ҳокимга яхши эмасми?

“Дерзкий” сўзи рус тилидан “дағал”, “қўпол”, “қўрс”, шунингдек,  “дадил”, “жасур”, “шижоатли” деб таржима қилинади. Юқоридаги мисолда маҳалла раиси маҳаллада хотин-қизлар билан ишлашга масъул бўлган ва бир неча йил бирга ишлаган ўринбосарини янги жорий этилаётган хотин-қизлар фаоли лавозимига тавсия этган ва унинг номзодини ҳимоя қилган. Ўринбосари янги лавозим талабига тўла жавоб бера олишини, у маҳалла хотин-қизларини яхши билишини, улар ўртасида обрў-эътиборга эга эканлигини айтган. Бунинг учун уни “қўрс” ёки “қўпол” деб камситиш нотўғри бўлса керак? Аксинча, раис ҳокимнинг важоҳатидан, қаҳридан қўрқмасдан, ўз фикрини айта олганлиги учун уни жасур, шижоатли деб таърифлашимиз мумкин.

Ҳозирги кунда маҳалла раиси айнан шундай бўлмоғи лозим эмасми? Албатта, керак! Ахир, маҳалла тизимида охирги икки йил ичида катта ўзгаришлар юз берди-ку! Энди эскича фикрлайдиган, ҳокиму бошқа амалдорлар айтганига қарсак чалиб ўтирадиган лаббайчи, бефарқ ва лоқайд маҳалла раислари даври ўтди. Афсуски, буни ҳали деярли ўзгармаган ҳокимлик тизимидаги ўзини мутлақ ҳукмдор деб санаб келаётганлар тушунмаяпти, эски қолипардан, ўзини жамиятнинг бошқа аъзоларидан, бутун бошли элдан устун қўйиш психологиясидан узоқлаша олмаяпти. Улар ҳоким ўзига хос менежер, иш бошқарувчи эканлигини, маълум ҳудуддаги аҳоли манфаатини ҳимоя қилиш учун тайинланган ва солиқ тўловчи томонидан кун кўраётган ЁЛЛАНМА ИШЧИ эканлигини англаб етмаяпти.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “ҳокимлар ҳудудларнинг беги эмас, халқнинг ёлланма ишчиси” деган сўзларини аксарият ҳокимлар эшитмаган, эшитган бўлса ҳам ҳазм қила олмаётганга ўхшайди.

Агар барча муаммолар, давлатимиз раҳбари талаб қилаётгандек, маҳалланинг ўзида ҳал бўлса, одамлар оддий муаммо бўйича ҳокимлик ва бошқа идораларга мурожаат қилиб, сарсон бўлмаса, бу ўша амалдорларинг ўзига ҳам яхши эмасми? Бошоғриқ камаяди, бошқа каттароқ ишларни бажаришга кўпроқ вақт қолади. Бунинг учун ишчан, сўзи ўтадиган, тўғри сўзли, ҳақиқатни очиқ айта оладиганлар маҳалла раислигига сайланиши мақсадга мувофиқ эмасми?

Амалдорнинг барча айтганларига бош эгиб, “хўп бўлади, бажарамиз” дейдиган раисларнинг даври ўтганлигини барча катталар англаши лозим. Доим боши эгик, каттанинг айтганининг фарқига бормасдан, кўрсатмасини бажаришга тайёр “лаббайчилар” кимга керак? Бундайлар Президентнинг маҳалла раиси амалдорлар олдига муаммони кўтариб чиқиб, уни ҳал бўлишига эришиш лозимлиги ҳақидаги талабини қандай бажаради?

Давлатимиз раҳбари солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларга тушиб ишлашини уқтирар экан, шундай деган эди: “Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши керак”.

Бошқа бир чиқишида Шавкат Мирзиёев лўнда қилиб, “Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади” деган эди.

Ахир, буларнинг ҳаммаси маҳалла раиси ҳокимнинг қўл остидаги хизматкори бўлмаганлиги сабабли шижоатли, мустақил қарор қабул қилишга, ўз ҳудудидаги аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахс бўлиши лозимлигини кўрсатмаяптими? Шу сабабли “қани, мен кўраман, “дерзкий” номзод қандай ўтаркан” деб, эскича фикрлаётган ҳокимлар ўз қарашини ўзгартириб, мард, жасур шахслар маҳалла раислигига келишдан манфаатдор эканлигини тушуниши зарур.

Шу кунларда маҳалла раислигига номзодлар шакллантирилмоқда. Яқинда улар ҳоким бошчилигида маҳаллий ҳокимликларда тузилган комиссия суҳбатига таклиф этилади. Ана шунда комиссия ва ҳоким қандай йўл тутади? Кимларнинг номзодни сайловга тақдим этади?

Бундан бир ярим ой аввал, февраль ойининг бошларида, маҳалла раислари сайлови ҳақида ҳали ҳеч қаерда гапирилмаган ва раислар беш йилга сайланади дейилган пайтда бундай сайловни шу йилнинг ўзида ўтказиш лозимлигини асослаб, мақола ёзган эдим. Мақола “Зарафшон” ва “Самарқанд” газеталарида ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди. Унда, жумладан, шундай сўзлар мавжуд эди: “Номзодлар халқ дарди билан яшайдиган, маҳалладошларига чин дилдан кўмаклашишга тайёр, маҳалланинг қарию ёши ҳурмат қиладиган, маҳалла оғирини енгил қилишга қодир,  қўлидан аниқ бир иш келадиган инсонлар бўлсин. Яна шуни инобатга олиш лозимки, эндиликда компьютерда ишлашни билмайдиган, интернет билан дўстлашмаган, онлайн мулоқотдан узоқ бўлганларнинг раҳбар, жумладан МФЙ раиси бўлиб ишлаши анча оғир”.

Бу борада қонунимиз нима дейди? Кимлар маҳалла раислигига номзод қилиб кўрсатилиши мумкину, кимлар мумкин эмас?

Қонунчиликка кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар:

  • Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши;
  • бевосита сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши;
  • ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Қуйидагилар номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас:

  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
  • оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
  • суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар;
  • ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар;
  • диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.

Ўйлаймизки, ҳокимлик комиссиялари қонун талабларига тўла амал қилади ва қайсидир мутасаддининг ўзича ўйлаб топган қоидасига асосланиб иш юритмайди. Номзодларнинг ёши, маълумоти ёки иш жойи ҳақида ҳеч қаерда бўлмаган талабни қўймайди. Афсуски, хотин-қизлар фаоли лавозимига номзодларни танлашда уларга Тошкентдан келган ва иш хонасидан чиқмаган, маҳалла шароитини билмаган мутасаддилар хоҳиши бўйича қонунда бўлмаган талаблар қўйилди. Натижада айрим маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозимига номзод босим асосида тайинлаганлиги норозиликларга сабаб бўлди. Бизнинг маҳаллагаа тайинланган фаолнинг эса ишга чиқиш нияти йўқ.

Шундай экан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига ҳам аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган, ҳам янгича фикрлайдиган, аҳоли муаммоларини тегишли идоралар олдига қўя оладиган шижоатли, ростгўй  номзодларни тавсия этиш муҳим. Жамиятимиз манфаати шуни талаб қилмоқда.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Самарқанд шаҳар “Боғимайдон” МФЙ раиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистон Президенти Хитой билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлигини қайд этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз...

Больше похожих статей

×