8.7 C
Узбекистан
Вторник, 26 ноября, 2024

Хотира: Камтар  дўст,  атоқли  олим,  чин маънода  хазрати  инсон  эди …

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -
Куни-кеча катта ва ардоқли дўстимиз, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаларининг аъзоси,  атоқли олим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нўъмонжон  Раҳимжонов 78 ёшида вафот этди…

 Унинг  “Давр ва ўзбек лирикаси”, “Шоир ва давр”, “Ўзбек адабиётида поэма”, “ХХ аср ўзбек поэмасининг ривожланиш хусусиятлари”, “Асқад Мухтор поэтикаси”, “Мустақиллик даври ўзбек шеърияти” монографиялари, “Шеър сеҳри”, “Фалсафий лирика”, “Ўзбек адабиётшунослиги ҳозирги босқичда”, “Илмий тафаккур жилолалари” рисолалари, “Бадиий аср биографияси” ўқув қўлланмаси, “Нур боқийликдир” эссе китоби, “Истиқлол ва бугунги адабиёт” китоби, “Жимжит жолалар” қиссаси, кўплаб таржималари кенг китобхонлар оммасига, адабиётшунос ва адабиётчиларга яхши таниш ва биз бу билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Нўъмонжон билан биз Раҳим ака Убайдуллаев  муҳаррир бўлган  Оржоникидзе (ҳозир Қибрай) туманимиз “Коммунизм тонги” ( ҳозир “Қибрай садоси”) газетаси таҳририятида ўтган аср 50-йилларнинг охири, 60-йилларнинг бошида тез-тез учрашиб турар эдик, газета саҳифаларида ижодимиз намуналари чоп этиб туриларди. Биз биргаликда таҳририят ижодий ходимлари Умарали Ниёзов, Қидирбой Тўлабоев, Озод Искандаров, Сайдали Мирзалиев, Тўлабой Рўзиматов, Зокир Исроилов ва бошқа кекса ва ёш журналистлар билан мулоқотда бўлар эдик.

Шу билан бирга, Нўъмонжон (у киши Салор қўрғонида туғилган, шу ердаги ҳозирги Амир Темур номидаги 25-мактабни тамомлаган ва кейинчалик ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини битирган) иккимиз  Лабзакдаги Н. Островский номидаги ўқувчи болалар саройидаги адабиёт тўгарагига қатнар, тўгарак аъзолари асарларини муҳокамасида иштирок этар эдик. Муҳокамаларда, айниқса, Нўъмонжон фаол қатнашар, оригинал фикрлари билан ажралиб турар эди. У тўгарагимиз фахри эди. Бу тўгаракдан кейинчалик Хожиакбар Шайхов, Турсуной  Содиқова ва бошқа бир қатор таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар  етишиб чиқди…

Мен ўз вақтида Оржоникидзе туман ижроқўмида ишлаган пайтимда, хизмат машинасида Ёзувчилар ижодий уйи автобус бекатидан ўтиб кетаётсам,  академик-адиб Иззат Султон турибдилар. Тўхтаб у кишини Лабзаккача олиб бориб қўйдик. Йўлма-йўл атоқли олим ва драматург Иззат Султон қўлларида ишлаётган шогирдлари Нўъмонжон тўғрисида кўп илиқ сўзлар айтдилар, мен дўстим учун ҳурсанд бўлдим. Нўъмонжон устоз Иззат Султон билан олиб борган кўп йиллик мулоқотлари, суҳбатлари, кузатишлари самараси ўлароқ “Бадиий асар биографияси” ўқув қўлланмасини ёзди. Иоганн Петер Эккерман “Гёте билан суҳбатлар”и кенг китобхонлар оммаси, адабиётшуносларга яхши маълум. Мана салкам икки юз йилдирки бу китоб мухлислар қўлидан тушмайди. Мени ўйлашимча, Нўъмонжоннинг асари шу даражадаги китоб бўлиб чиққан. Атоқли академик-адибга бу бир ҳайкал бўлди десак бўлади.

… Нўъмонжон Раҳимжонов докторлик диссертациясини ёқлаганда мен ҳимояда иштирок этдим. Ғайбулла Ас-Салом, Умарали Норматов каби, катта-катта олимларни чуқур таҳлилли, илиқ сўзларини эшитиб, дўстим учун фахрланиб ўтирдим. Туманимиз газетаси собиқ ходими, таниқли журналист Озод ака Искандаров  Қибрай туманида туғилиб, ўсиб, вояга етган,  янги филология фанлари доктори ҳақида мақола ёзиб, газетада чоп этди…

         Устоз Асил ака Рашидов билан байрамларда қўнғироқлашадиган одатимиз бор эди. Бир байрам олдидан телефон қилсам, Асил ака : “Мени қўлимда 10 кишини рўйхати бор. Шу рўйхатда Сайди Умиров, Сувонқул Мели, Шуҳрат Жабборов, Нўъмонжон Раҳимжонов, бошқалар бор. Сиз ҳам шу рўйхатда борсиз. Мен энди Сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб турган эдим”, – деб қолдилар. Мен : “Асил ака, мен шундай рўйхатингизга кирганлигимдан беҳад миннатдорман”, – дедим. Асил ака “Энди гап бундай. Эртага соат 1 да Нўъмонжон билан биргаликда бизники келинг, бир суҳбатлашайлик”, – деб қолдилар. Эртасига Нўъмонжон билан устознинг “Болалар дунёси” ёнидаги камтарона хонадонларига бордик, бир олам ҳурсандчилик бўлди. Асил ака келинлари учаламизни суратга олиб, қувончимизга қувонч қўшдилар …

Ўз вақтида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Умр ибрати” рукни остида Нўъмонжоннинг моҳир таржимон, катта олим, профессор Асил ака Рашидов тўғрисида чуқур таҳлилларга бой мақоласи чоп этилди. Мақола шундай сўзлар билан якунланган: “Асил ака билан суҳбатлашсангиз… дилтортар суҳбатига тортилаверасиз, Боиси – аниқ-тиниқ ижодий режалар, янги кузатишлар, чуқур ўй-фикрлар … Булар бари устоз адабиётшуноснинг кўнгил мулкики, ақлни чархлайди, дилни қувватлантиради. Кўнгил кўнгилдан сув ичади, деганлари шу бўлса керак, аслида ”. Бу сўзларни тўла-тўкис  Нўъмонжонга ҳам қарата айтса бўлар эди…

Бир неча ой аввал, Нўъмонжон менга: “2022 йилда Шароф Рашидович Рашидовнинг 105 йиллиги бўлади. Мен у кишининг ижоди бўйича асар ёзишни кўнгилга тугиб қўйдим. Сиз у кишининг шеърияти ҳақида, атоқли давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти ҳақида бир талай нарсалар ёзгансиз. Иккимиз қўшилишиб, битта тўплам қилайлик”, – деб қолди. Мен : “Сиз олим одам, фан доктори, профессорсиз. Мен оддий бир ҳаваскор, сиёсатшунос сифатида ижод қиламан. Қандай бўлар экан?”, –дедим. Нўъмонжон :“Сизнинг Шароф Рашидович ҳақида ёзганларингиз “Народное слово”, “Халқ сўзи”, “Правда Востока”, “Ўзбекистон овози”, “Доверие” газеталари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилган, тегишли доираларда ижобий баҳо олган. Шунинг учун иккимиз биргалашиб, битта тўплам қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади”, – деди.  Шундай қилиб у киши ҳам, мен ҳам тегишли ишларга киришдик. Лекин, афсуски ишимиз чала қолди…

 Нўъмонжон дўстимиз шундай ажойиб дўст, саҳоватпеша, атоқли олим, моҳир ижодкор, чин маънодаги Хазрати Инсон эди. Охиратлари обод бўлсин!

Носир ТОИРОВ,

меҳнат фаҳрийси, сиёсатшунос

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Жорий йилнинг 9 ойида хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 1,6 баробар ошди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2024-йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳудудларда асосий капиталга инвестициялар...

Больше похожих статей

×