15.9 C
Узбекистан
Суббота, 23 октября, 2021

«Олтин тӯй»га ҳам етказди. Шукр!

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
3,440участниковПодписаться

Ярим аср давомида биргамиз. Вақтнинг шиддат билан ўтишини қаранг! Тўйимизга 50 йил ўтибди. Университетнинг биринчи курсига қабул қилинганимизга эса нақ 55 йил тўлди!

Ҳа, София Мўминова билан умр ришталарини бирга боғлаганимизга ярим аср ўтди. Шунча муддат бирга бўлишнинг гашти ва бахту тахти ўзгача! Буни ҳис қилиш, чуқур англаш лозим.

Мана, бу кунга келиб, фарзанд, невараю эваралар оғушида мазмунли ҳаётимизни давом эттиряпмиз. Ҳанузгача ўзгаларга юк бўлмасдан, қўлимиздан келгунича атрофимиздагиларга мададкор бўлишга имкон топаётган эканмиз, бунинг учун меҳрибон Оллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

Ҳа, олти мучални кўриб, 50 йил оилавий ҳаётда бўлишлик ҳам Оллоҳнинг иноятидир. Афсуски, бу кунга етиб келмаганлар қанча. Бундан ташқари, кейинги йилларда оиладек муқаддас қўрғонга жиддий муносабатда бўлмаганлар сони ортди. Оилавий жанжаллар ва ажралишлар кўпайиб кетаётганлиги шундан далолат эмасми?

Шу сабабли турмуш қурганига 25, 40-50 йил бўлганларнинг тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатиш, ёшларга оила муқаддаслиги ҳақидаги тушунчаларни сингдириш ва буни миллий қадриятларимиздан бири сифатида тарғиб этиш тарбиянинг ажралмас қисмига айланса, айни муддао бўларди…

У вақтлар тўйлар бошқача ўтарди. 1971 йилнинг 18 сентябрида тўйимиз бўлиб ўтган эди. Ўша давр одатига кўра никоҳ қайди (ЗАГС)ни икки кун олдин ўтказган эдик. Унда 15 нафарга яқин дўсту қариндошлар иштирок этган эди. Қайддан ўтгач, камторона дастурхон ёзилган эди.

Ўша даврнинг яна бир одати, тўй базми қиз чиқарганнинг хонадонида бўлиб ўтарди. Тўй кечаси жуда мазмунли ва қувноқ ўтди. У пайтда сўз қадрини билганлар ва тушунганлар кўпчиликни ташкил этарди. Тўй соҳиблари ва ёшларни табриклаганлар ўта маданият ва донишмандлик билан тилак билдиришади. Ҳозирги тўйлардан табриклаш одати деярли кўтарилди, икки оғиз сўзни ҳам адабий тилда гапириш қўлидан келмайдиганлар кўпайди…

Софияхонум кўп йиллар Самарқанд кооператив институтида ва ушбу институтнинг академик лицейида ёшларга сабоқ берди. Иш билан бирга уй ишлари, фарзандлар тарбияси ҳам унинг диққат марказида бўлди. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Ҳаёт текис ва равон йўл каби силлиқ эмас. Худога шукр, биз елкама-елка туриб, барча қийинчиликларни енгдик, синовлардан ўтдик.

Узоқ ва бахтли оилавий ҳаётнинг муҳим омиллари ўзаро ҳурмат ва керакли пайтда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ёрингнинг дардига дармон бўлиш десам, тўғри бўлар. Ана шу омиллар ҳақида энди оила қураётганларга гапириб бериш учун ҳам кумуш ё олтин тўйни оврўпача деб улардан воз кечмаслик керак. Гап шаклда эмас, мазмунда ва бу тадбирларни қандай ўтказишда…

Машҳур ҳофиз Фахриддин Умаровнинг шоир Тўра Сулаймон шеъри билан айтиладиган “Умр ўтмоқда” қўшиғини жон дилимиз билан тинглаймиз.

Эсиз, болаликни қолдириб ортда

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қолдириб, қолдирмай из бу ҳаётда

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Жуда тўғри, умр оқар дарё сингари ўтиб кетади. Охирида “эсиз” деб қолмаслик учун умрни мазмунли, фойдали ва самарали ўтказишга эришмоқ лозим. Жумладан, оилавий ҳаётда ҳам эр-хотин бир-бирига таяниб яшаса, умрнинг мазмуни янада ошади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

«Save Aral — 2021» Спорт байрами шукуҳи

19 октябр куни Ангрен шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Енгил атлетика федерацияси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси томонидан,...

Больше похожих статей

Рус