Сингапур бош вазирининг собиқ ўринбосари Тарман Шанмугаратнам президентлик сайловларида ғалаба қозонди.
Бу ҳақда “The Straits Times” нашри маълум қилди, деб ёзади “Report” .
Нашр маълумотларига кўра, Шанмугаратнам 70,4 фоиз овоз олган.
“Ишончим комилки, Сингапурнинг янги раҳбари президент сифатида ўз вазифаларини аъло даражада бажаради”, — деди бош вазир Ли Сян Лун Шанмугаратнам ғалабаси муносабати билан.
Таъкидлаш жоизки, Сингапур парламентли республика бўлиб, ҳақиқий ҳокимият бош вазир қўлида тўпланган. Президент Олий судя, Бош прокурор, Давлат хизмати комиссиясининг раиси ва аъзолари, Мудофаа қўшинлари бошлиғи, Полиция комиссари каби муҳим лавозимларга тайинлашни тасдиқлайди. У, шунингдек, кўпчилик депутатлар ишончини қозонадиган бош вазирни тайинлайди. Президент молиявий қонун лойиҳалари устидан ҳам вето ҳуқуқига эга (вето парламентнинг учдан икки қисми овози билан бекор қилиниши мумкин). Бундан ташқари, у амнистия эълон қилади, коррупсияга қарши курашда иштирок этади, ички хавфсизлик ва диний масалалар билан боғлиқ қарорлар қабул қилади.