Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков минтақадаги “отишмалар муаммосини” ҳал қилишнинг энг тўғри йўли “Харков вилоятини қўшиб олиш” эканлигини айтган эди. Харков мэри Игор Терехов бунга берган изоҳида унинг сўзларини бемаънилик деб атади.
«Буни эшитиш жуда кулгили. Белгород вилояти Харковда фақат «БНР» (Белгород Халқ Республикаси) сифатида қабул қилинади. Шунинг учун у айтган бемаъни гаплари билан юпаниб юраверсин».
Тереховнинг эслатишича, рус қўшинлари Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Харковни эгаллашга уринган, бироқ ўтган йилнинг сентябрида улар минтақани деярли бутунлай тарк этган.
«Маълумот учун, эслашим мумкинки, агар Белгород аҳолисини оладиган бўлсак, бу Харковнинг фақат битта туманига тенг келади. Шунингдек, тарих учун: бир вақтлар Белгород шаҳри Харков вилояти таркибида бўлган. Бироқ суверенитет ва ҳудудий яхлитликка келсак, бугунги кунда Украина суверен давлат, Харков Украина шаҳри бўлган ва кейин ҳам шундай бўлиб қолади”, деган Терехов.
1919 йил июн ойида Белгород ва Белгород округининг бутун ҳудуди ВСЮР (Россия жанубий қуролли кучлари) қўшинлари — Владимир Май-Маевскийнинг кўнгилли армияси томонидан босиб олинган. Белгород тумани 1919 йил охиригача Харков вилояти таркибига кирган.
Ўтган ҳафта, 22 май куни кечқурун Белгород вилоятига диверсантлар томонидан ҳудудга бостириб кирилганидан кейин аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Масъулиятни «Россияга озодлик» легиони ва “Россия кўнгиллилар корпуси” ўз зиммасига олди. Улар Украина Қуролли Кучларига бўйсунишини айтади, аммо Россияга буйруқсиз, ўз ташаббуси билан кирган кўнгиллилар бўлинмаларидир. Минтақада бир кунлик аксилтеррор операцияси режими жорий этилди, 23 ва 24 май кунлари дронлар минтақага ҳужум қилди.