Эрон Мажлиси (парламенти) кўпчилик овоз билан Эрон Ислом Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қўшилиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “Mehr” агентлиги хабар берди. Қонун лойиҳасини қўллаб, 205 депутат овоз берган, 3 нафар ноиб қарши чиққан ва 4 киши бетараф қолган.
“Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши шарти шу пайтгача ташкилот томонидан қабул қилинган барча ҳужжатларни маъқуллаш эди”. Парламентнинг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси вакили Абулфазл Амуйининг бу гапи ахборотда иқтибос тарзида келтирилган.
30 сентябрь куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий мамлакатнинг ШҲТга қўшилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолаган. Шундан сўнг ҳужжат тасдиқ учун парламентга юборилган эди.
15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ШҲТ Самарқанд саммитида Эроннинг тузилмага қўшилиши бўйича мажбурияти акс этган меморандум имзоланган.