Ўзбекистон делегацияси «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларидаги тўртинчи кунини 4 та спорт тури бўйича давом эттиради.
Хусусан, академик эшкак эшиш (яккалик), дзюдо, бокс ва футбол бўйича спортчиларимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Кунни академик эшкак эшиш бўйича қатнашаётган Анна Пракатен яккалик баҳсларига соат 12:30 (барчаси Тошкент вақти билан) да киришади. Шунингдек, -81 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган дзюдочимиз Шарофиддин Болтабойев эса соат 13:00 да ўз татамисига кўтарилади.
Куннинг асосий воқеалари бўлиши кутилаётган боксчиларимиз иштирокидаги баҳслар соат 16:08 да бошланади. Ситора Турдибекова аёллар ўртасида -57 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги рингга кўтарилса, 19:50 да Нигина Ўктамова (-54) ўзининг Олимпиададаги иккинчи баҳсини КХДР вакиласи Чолми Пангга қарши ўтказади.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларни Ҳасанбой Дўсматов (-51) очиб беради. Олимпияда чемпиони ҳисобланган Ҳасанбой 23:15 да пуерто-риколик Хуанма Лопез де Хесусга имкон қолдирмасликка уриниб кўради. 00:05 да эса яна бир умидли боксчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев эса -80 килограммгача бўлган вазнда таниқли филиппинлик чарм-қўлқоп устаси Эумир Марсиалга қарши рингга кўтарилади.
Тарихдаги илк Олимпиадасида муваффақиятсиз қатнашаётган футболчиларимиз эса гуруҳдаги энг сўнгги учрашувини Доминикан Республикасига қарши ўтказади. Ўйин соат 18:00 га режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, айрим спортчиларимиз муддатидан олдинроқ ҳам баҳсларини бошлаши мумкин. Бу асосан, бошқа спортчиларнинг иштироки тез якунланиши билан ҳам боғлиқ бўлади.