Ўзбекистон бош консули Шерзод Абдуназаров Туркия Футбол федерацияси президенти Мехмет Буюкекши билан музокара ўтказди.
Мулоқот чоғида Туркия Футбол федерациялари ва Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ўртасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мехмет Буюкекши Туркиянинг Анталия, Измир шаҳарларида ўтказиладиган халқаро мусобақаларда ўзбек жамоаларининг иштирок этиши фойдадан холи бўлмаслигини қайд этди. Унинг айтишича, ушбу турнирларга жаҳонга машҳур футбол клубларининг селекционерлари келади ва улар энг иқтидорли футболчилар билан шартнома тузади.
Томонлар, шунингдек, ёш футболчиларни тайёрлаш, турли ёшдаги терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва мураббийлар малакасини ошириш бўйича қўшма курсларни уюштириш тўғрисида келишиб олдилар.