Таэквондочиларимиз Жанубий Кореяда ўтган қитъа чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаб, тарихий ғалабага эришди.
Бугун, 27 июнь куни Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида таэквондо бўйича тўрт кун давом этган қитъа чемпионати ўз якунига етди.
Қувонарлиси, муросасиз баҳслар натижасида Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Улуғбек Рашитов, Жасурбек Жайсунов, Никита Рафалович ва Шуҳрат Салаев барча рақибларини мағлуб этиб, Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлди.
Эътиборлиси, шу пайтгача ўтказилган қитъа чемпионатларининг биронтасида вакилларимиз бу қадар кўп олтин медалларга мушарраф бўлмаганди. Шу жиҳатдан, мазкур чемпионатда қўлга киритилган 4 та олтин медаль мамлакатимиз таэквондо тарихида ўзига хос аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бу, юртимиздаги мавжуд олимпия спорт турлари орасида яна бир кучли жамоа шаклланиб келаётганлигини кўрсатди.
Чемпионатда ўзбекистонлик таэквондочилар шу пайтгача қитъа етакчиси бўлиб келган Жанубий Корея терма жамоасини олтин медаллар сони бўйича доғда қолдирди. Кореяликлар 3 та олтинга эгалик қилган бўлса, вакилларимиз 4 та олтин билан қитъанинг етакчи жамоаси эканлигини намойиш этди.
Бундан ташқари, кўп ҳолларда таэквондо ватани вакилларига рақобат кўрсатиб келган эронлик таэквондочи йигитлар бу галги чемпионатда биронта ҳам олтин медалга эга чиқа олмади.
Ўзбекистонлик таэквондочи йигитларнинг Жанубий Кореядаги мазкур ғалабаси орқали қўлга киритилган рейтинг очколари бир йил кечиктириб ўтказиладиган Осиё ўйинларида, яна икки йилдан сўнг Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида кўзланган натижалар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташи шубҳасиз.