Хабар берганимиздек, бугун Қўқон шаҳар маданият ва истироҳат боғидаги «Ўрда» майдонида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Қўқон ва спорт” шиори остида белбоғли кураш бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланди.
Унда Россия, Мўғулистон, Озарбайжон, Беларус, Исроил, Грузия, Ҳиндистон, Молдова, Руминия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби дунёнинг 20 га яқин давлатидан 200 нафар атрофида энг сара ёш спортчилар иштирок этмоқда.
Чемпионатда белбоғли кураш бўйича ўғил болалар -42, -45, -50, -55, -60, -65, -71, -77, -85, -95 ҳамда +95 кг вазн тоифаларида куч синашса, қизлар -44, -48, -52, -57, -63, -70 ва +70 кг вазнларда ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда. Мусобақа регламентига кўра куннинг биринчи ярмида саралаш босқич беллашувлари ўтказилса, куннинг иккинчи ярмида жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими, ярим финал ва финал беллашувлари ҳамда тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, “Қўқон ва спорт” шиори остида ўтаётган жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 216 000 000 сўмни ташкил этади.
- Миллий спортимиз бўлган белбоғли курашнинг халқаро спорт майдонларида йилдан йилга нуфузи ошиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров. – Қўқон шаҳрида илк бора ташкил этилаётган ушбу жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтишида яқиндан кўмакчи бўлаётган Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят Спортни ривожлантириш бош бошқармаси, шунингдек, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ва сектор раҳбарларига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Мухбир Гўзал ШОКИРЖОНОВА