Дунёда коронавирусдан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари пасайиб бораётгани қувонарли ҳолат, албатта. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти СOVID-19 ҳали ўз “куч”ини йўқотгани йўқ, дея огоҳлантириш билан чиқди.
“Коронавирус ривожланишининг сўнгги тенденцияларини баҳолаш қийин, — дейди ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус. — Чунки кўплаб давлатлар синов дастурларини қисқартирган.
Қолаверса, ҳозир BА.2, BА.4 ва BА.5 каби “омикрон” вариантларини диққат билан кузатиб боряпмиз. Бундан ташқари, BА.1 ва BА.2 вариантларидан иборат яна бир мутация турини аниқладик”.
Т. Гебрейесуснинг хулосасига кўра, бундай вазиятда саломатликни ҳимоя қилишнинг энг яхши усули — эмланиш, хусусан, вакцинанинг бустер дозасини қабул қилиш. Шу билан бирга, аҳоли гавжум жойларда тиббий ниқоб тақишда давом этишимиз зарур.
ЖССТнинг Фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майкл Раян ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлаб, “Ўлим даражаси пасаяётганидан хурсандмиз, аммо бу вирус бизни такрор ва такрор “ҳайрат”да қолдирганини унутиб бўлмайди”, дея қайд этди.
ЖССТнинг етакчи олими Сумия Сваминатан коронавирус яна мутацияга учрашда давом этиши ва янги штаммлар пайдо бўлиши хавфидан огоҳлантирди.
“Биз ҳатто бу инфекциянинг бир кун келиб, мавжуд иммунитет тўсиғини енгиб ўтиши мумкинлигига ҳам тайёр туришимиз керак”, — дейди у.
Шундан келиб чиқиб, Халқаро соғлиқни сақлаш қоидалари бўйича фавқулодда вазиятлар қўмитаси пандемия глобал соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат бўлиб қолишига бир овоздан розилик берди.