Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутасаддилари хавотирда. Хусусан, ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг фикрича, пандемия қанча узоқ давом этса, унинг оқибатлари шунча жиддий бўлади.
“Бундай вазиятда ЖССТ томонидан қўйилган мақсадга эришиш муҳим, — дейди Т.Гебрейесус. — Яъни жорий йил ўрталарига қадар дунё аҳолисининг камида 70 фоизи тўлиқ босқичда эмланиши лозим”.
Бироқ ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич бор-йўғи 42 фоизни ташкил этмоқда. Африка мамлакатларида эса 25 фоизга ҳам етмайди.
ЖССТ етакчи эпидемиологи Мария ван Керхове ҳам бу борада ўз хулосаларини айтди. Унинг таъкидлашича, сўнгги тўрт ҳафта ичида дунё бўйича коронавирус туфайли ўлимлар сони кескин ошган.
“Ҳозирча “омикрон” штаммининг тўртта мутацияси бизга маълум, — дейди мутахассис. — Яъни вируснинг ВА.1, ВА.1.1, ВА.2 ва ВА.3 турлари кузатиляпти. Улар орасида ВА.2. энг юқумлиси деб баҳоланмоқда».
Экспертнинг сўзларига кўра, CОVID-19 га қарши эмланиш касалликдан ҳимояланишнинг энг ишончли усулидир. Шу сабабли ЖССТ ва унинг ҳамкорлари имкон қадар кўпроқ аҳоли қатламини вакциналар билан таъминлаш чораларини кўряпти.
“Аммо бу етарли эмас, — деб қўшимча қилади Мария ван Керхове. — Беморлар ҳаётини сақлаб қолиш — бош мақсадимиз. Бунинг учун нафақат вакциналар, балки коронавирусга қарши барча воситалардан самарали фойдаланишимиз керак. Хасталик тарқалишига чек қўя олсаккина, янги штаммлар пайдо бўлиш хавфи камайиши мумкин”.