Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратиш ишига муҳим ҳисса

0
170

Тошбитиклар пойин  ўпган Энасойлар,

Сойларингда кокил ювган Момо ойлар.

Кўнглим аро уч минг йиллик авжларинг бор,

Уч минг йиллик жавлонларинг, мавжларинг бор…

Тасанно деб ёзган эдим, яна ёзай,

Ёниб ёзай, кеча-кундуз ёниб ёзай:

Шавкатли эл бу дунёда давлатлидир,

Давлатли эл олам аро шавкатлидир.

Сирожиддин  Саййид,

Ўзбекистон  Олий  Мажлиси  Сенатининг  аъзоси,

Ўзбекистон  халқ  шоири

         Яқинда таниқли шоир Олимжон Бўриевнинг “Шоҳнома” эпопеяси қўлимга  тушиб қолди. (Олимжон  Бўриев. ШОҲНОМА. Эпопея. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи.Тошкент.) Асарга академик Азиз Қаюмов масъул муҳаррирлик қилган.

Асар мустақиллик йилларида юртимизда рўй берган ҳар бир ўзгаришга алоҳида урғу беради. Шунинг баробарида халқимизга ҳар бир ишда бош-қош бўлаётган  мамлакатимиз раҳбарининг бунёдкорлик ва яратувчанлик амалларига катта эьтибор қаратади.

“Шоҳнома” эпопеяси Ватанимиз тарихининг илк саҳифасидан то Истиқлол солномасининг ҳозиргача бўлган ижтимоий-сиёсий ва ҳаётий воқеликни акс эттиради, яъни унда шоир Сирожиддин Саййид айтганидай “Уч минг йиллик жавлонлару, мавжларнинг …” таъсири бор.

        Қадимий ўзбек халқ қаҳрамонлари тимсолий сиймолари негизида Султон  Жалолиддин, Соҳибқирон Амир Темур буюк давлатчилиги, шукуҳли Истиқлол даври қаҳрамонлари рамзи  китобхонлар қалбини фахру ифтихор нашидаси ила тўлқинлантиради.

Асар тарихийлиги ва ҳаётийлиги билан эътборлидир.

Академик Азиз Қаюмов “Олимжон Бўриев “Амир Темур”,   “Жалолиддин жасорати”  шеърий романлари  ва аждодларимиз ҳақида ўнлаб эпик достонлар ёзгандан кейин эпопеяга қўл урди, катта ижодий тажриба тўплаб ўз шоҳ асарини яратишга муваффақ бўлди”, — деб эътироф этган эди.

Китобдан жой олган адабиётшунос Абдураҳим Маҳсумов мақоласида шундай дейилган :

“Олимжон  Бўриевнинг ушбу асарида Истиқлол қаҳрамонлари сиймолари назм услубида баён этилган. Шоир танлаган назм услубининг мураккаблиги шундаки, икки қатор керакли қофияларни танлаш, сўзларни такрорламаслик, ҳар бир икки қатор бир-бирини тўлдириб, уйғунлашиб бориб, яхлит бир мазмун ташкил этиши лозим.

Шоир ушбу эпопеясида халқ раҳнамоларининг сиймоларини атрофлича тўлиқ беришга ҳаракат қилган. Шунингдек, Юртбошимизнинг бунёдкорлик борасидаги шижоатлари, республикамиз ҳаётида кечаётган ҳозирги шукуҳли кунлар ҳақидаги ҳаяжонли сатрлар халқимиз дилидаги  гаплардир.  

Янги босқичга қадам қўйган шонли Ватанимиз тарихи  симфонияси бўлмиш  бу лиро-эпик шоҳ асар замондошларимиз ва келажак авлод томонидан севиб ўқилади, дея ишонаман. Шунинг учун ҳам шоир Олимжон Бўриевнинг бу асари ўз китобхонларини албатта топишига шубҳа йўқдир.”

         Дарҳақиқат, улуғ тожик шоири Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома”сидан кейин неча асрлар ўтиб, чоп этилган Олимжон Бўриевнинг “Шоҳнома”си ҳам барча китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Китобни очишим билан ажойиб муашшаҳ сатрларига кўзим тушди:

Шаҳару қишлоқнинг фарқи қолди кам,

Аравани тортган биз билан ҳамдам.

Ватан деб бахш этгил жонни жабборга,

Катта имконият ҳар тадбиркорга.

Аҳоли яшасин тўкис, фаровон,

Томорқадан ҳар бир фидойи деҳқон

Мўмай даромадлар олар, бут рўзғор,

Ишласин, ишласин, ишласин такрор.

Роҳатда яшагай ишлаган одам,

Озиқ-овқат бўлмас асло танқис, кам.

Маънавий камолот йўлида ҳам эл

Оғишмай, боғлаши лозим қаттиқ бел.

Нонлари ўшанда бўлади бутун

Одамлар чин дилдан меҳнат қилган кун.

Вужуди соғлому, қалби пуримон,

Илм олиб, ёшлар бўлса китобхон.

Чегарани очдик эллар ҳамнафас,

Мустақиллик кенглик, на халқа, қафас.

Ишланг хориждан топингиз ҳамкор,

Рағбатланиш учун шарт-шароит бор.

Замин кенг, қалбимиз қадар бепоён,

Истиқлол туфайли ҳур Ўзбекистон!

Ёруғ кунлар ўтди, салкам ўттиз йил,

Етайлик муроду мақсадга дадил.

Ватанимиз мангу бўлсин мустақил.

Жорий йил 24 октябрь куни ниҳоятда кўтаринки руҳда Президент сайлови ўтди. Шоир шу кунларни кўзда тутиб ёзгандай туюлди менга.

Эпопеянинг

“Ўзбекистоннинг  истиқлоли

  • Ўзбек халқининг бахт-иқболи”
  • деб аталган бобида шундай  сатрлар бор:

Шавкат Мирзиёни сайлаб Юртбоши,

Обрў-эътиборин кўтарди баланд,

Халқ фарзанди бўлди элга аржуманд,

Элига айлагай энди атолик,

Кечирилмас ҳар не ўтса хатолик,

Оддий фуқаролар адашар балки,

Адашмас элининг виждони, ақли.

Уч ойда уч йиллик ишни дўндирди,

Хумони бошларга қайта  қўндирди.

Олтмишдан юзларга етиб ёшингиз,

Доим омон бўлсин азиз бошингиз!

Орзу этганидек халқ, буюк миллат

Юртда ўзга шукуҳ файзу фазилат!

Эл кимдан наф кўриб, айласа дуо,

Ўшанга мададкор бўлади Худо!…

Бу дил дурларини айлаб армуғон

Дегайман, муборак азиз китобхон!

Бир шоирдек Сизга мен жондан ортиқ

Лутфан “Шоҳнома” мни этурман тортиқ.

Зеро, Юртбошимиз асл китобхон,

Элсевар, эл севган хокисор инсон.

Аллоҳ насиб этган бахту Истиқлол

Оламда абадий тургай безавол.

Авлодлар янада устувор, маҳкам,

Этгай бахт қасрини обод чинакам.

Шавкатли қўлларда юртим тақдири,

Буюк Ўзбекистон қуриш тадбири

Иншооллоҳ, этар абадий давом,

Эртанинг ортидан келганидай шом.

Улкан вужуд бўлса гар кенг жаҳоним,

Унинг юрагидир Ўзбекистоним!

Юртбошимизнинг исми шарифида: “шавкат”, Алишер Навоий номидагидек “мир”,  “омон”,  “зиё” сўзлари бор. Яъни, исми-шарифларида рамзий маъно бўлиб, у “халқга омонлик, зиё келтирувчи, шавкатли ҳукмдор” маъносини билдиради.  Ушбулардан келиб чиқиб, шоир Олимжон Бўри яқинда “Шоҳнома”нинг узвий давоми сифатида “Шавкатнома” достонини якунлади ва у тез орада китобхонлар оммасига етиб боради деган умиддамиз.

Ушбу асарлар ёшларимизни юксак маънавият руҳида тарбиялаш ҳамда Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратишда яхши кўмак бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.

Носир Тоиров,

сиёсатшунос

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь