Қўллаш учун яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилиш учун уларнинг эгасининг, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизмати бўлими вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси вакиллари иштирокида беш кишидан кам бўлмаган таркибда йўқ қилиш комиссияси тузилади.
Комиссия дори воситалари ва тиббий буюмларнинг атроф муҳит учун безарарлиги, уларнинг физик-кимёвий мутаносиблигини эътиборга олган ҳолда уларни йўқ қилиш санаси, усули ва жойини белгилайди.
Йўқ қилиш жараёни фото ёки видеосуратга олинади. Йўқ қилиш дори воситалари ва тиббий буюмларнинг эгаси ёки унинг вакили иштирокида Комиссия томонидан амалга оширилади.
Йўқ қилиш жараёнидан сўнг далолатнома тузилади, у Комиссия аъзолари томонидан имзоланади, қўллаш учун яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларнинг эгаси ҳисобланган ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.
Шундан сўнг, тузилган далолатнома нусхалари дори воситалари ва тиббий буюмлар эгасига, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий органларига, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизмати бўлимига, шунингдек Бош бошқарма вакилига, буйруқ ва Комиссия қарори нусхалари ҳамда фото ёки видеоматериаллар билан биргаликда тақдим этилади.