Бутунжаҳон ижтимоий ҳисоботига кўра, сайёрамизда кексалар улуши ошиб бормоқда. 2021-йилда 65 ва ундан катта ёшдагилар 761 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2050-йилда улар сони 1,6 миллиардга етади.
Қайд этилишича, кекса одамлар сонининг ўсиши энг тез ривожланаётган мамлакатларда содир бўлади. Осиё энг кўп кексалар яшайдиган минтақага айланади ва Африка барча ёш гуруҳларида аҳоли сонининг мутаносиб ўсишини бошдан кечиради.
2021-йилда Шимолий Африка ва Ғарбий Осиё минтақаларида 65 ва ундан катта ёшдаги 30 миллион киши истиқомат қилган бўлса, 2050-йилга бориб бу рақам 98 миллионга етиши кутилмоқда.
Ҳозирда Европа ва Шимолий Америкадаги мамлакатлар кекса одамлар энг кўп бўлган минтақалар қаторига киради. 2021-йилда 65 ёшдан ошган аҳоли сони 208 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2050-йилда бу рақам 303 миллионга етиши айтилмоқда.
БМТ ҳисоботига қараганда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланиш даражаси одамларнинг умр кўриш кўрсаткичига бевосита таъсир кўрсатади. Қашшоқлик, йўқчилик ва табақаланиш умр узунлигига соя солади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланиши одамларнинг умр кўриш давомийлиги ва қариликдаги саломатлик ҳолатига таъсир қилади. Даромадлардаги тенгсизлик ва оғир меҳнат шароитлари ҳам кексаларнинг турмуш даражасига таъсир ўтказмасдан қолмайди.