2020 йилда Қорбобо ва Санта-Клауслар ўз соғлиғига янада эътиборлироқ бўлиши лозим. Чунки кекса инсонлар коронавирус билан касалланиш хавфи юқори бўлган ёшли инсонлар тоифасига киради
. Бельгия соғлиқни сақлаш вазири маҳаллий Санталарга COVID-19’га оид мамлакатдаги чекловларни бузишга рухсат берган бўлса, АҚШ ва айрим Европа давлатлари Сантани ойна ортига яшириб, болаларга унинг тиззасига ўтиришини тақиқламоқда, деб ёзади Meduza.
Гап савдо марказларида ишлайдиган Санта-Клауслар ҳақида кетяпти. Ҳар йили болалар шу каби марказларга ота-оналари билан ташриф буюриб, Санта-Клаус билан суратга тушади ва ундан совғалар олади. Бироқ пандемия вақтида ушбу анъанага ўзгартириш киритилди. Айрим савдо марказларида болалар икки метрли оралиқ масофага риоя қилиб Санта билан гаплашишга мажбур бўлмоқда. Данияда эса Сантанинг олдига умуман яқинлашиб бўлмайди, чунки у улкан шаффоф шарнинг ичига жойлаштирилган.
Баъзи савдо марказлари Сантани кўрган болалар унинг олдига югуриб келмаслиги учун атрофига турли совға қутилари ва безаклар жойлаштирмоқда. Яна айрим савдо марказларида электрон навбатга туриш мумкин — бу болаларнинг тўпланмаслигини таъминлайди. Ўз навбатида ходимлар совғаларни, безакларни, Сантанинг курсиси ва қўлларини мунтазам артиб турмоқда. Шунингдек, 2020 йилдаn Сантанинг иш вақти ҳам чекланган.