14.6 C
Узбекистан
Пятница, 29 марта, 2024

Тошкент дарвозалари ва кўчаларининг тарихи

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,190участниковПодписаться
- Advertisement -

Тошкент муҳим географик  ўринда – Шарқ ва  Ғарб мамлакатлари      билан савдо- сотиқ йўлида    жойлашганлиги  туфайли бу ерга  узлуксиз савдо  карвонлари  келиб- кетиб  турган.  Бу эса шаҳарни етти  иқлим  билан туташган  масканга  айлантирган.

Ўрта  Осиёдаги бошқа шаҳарлар  каби, Тошкент ҳам  Х асрда  баланд  мудофаа  деворлари билан ўраб олинган.  Маълумки,  шаҳар  қадимда  бирор режа  асосида қурилмаган.  У  табиий  равишда  бозор  атрофидан  ҳар  томонга  кенгая борган. Шаҳар ўсган сари деворлар сурилиб,  катта  йўлларга  туташган  жойларда  янги  дарвозалар қурилиб, уларнинг сони ҳам  орта борган.  Шунингдек,  айрим  дарвозалар номи ҳам  ўзгариб борган.  Ҳар  бир  дарвозадан ташқарида   қабристон бўлган.  Албатта, бунинг ўз  рамзий  маъноси бўлган.  Шаҳарга кирган ва  чиққан  кишиларнинг  қалбида қабристонни  кўриб,  ёвузлик ўрнига  яхшилик ҳисси уйғонган.

Шаҳардаги мавжуд қабристонлар шаҳар дарвозасидан ташқарида  жойлашганлиги, шаҳарнинг  чегарасини  аниқлаб беради.  Жумладан,  ҳозирги  кунда  шаҳарнинг  марказий  қисмига тўғри келиб қолган  Шайхонтоҳур  зиёратгоҳи   (қабристони) ўрта  асрларда шаҳарнинг  шарқий дарвозасидан ташқарида  жойлашган.  Археологик  текширувлар бу  жойларда боғ –роғлар бўлганлигидан  далолат  беради.

Ҳозирги   Пахтакор  стадиони ва  А.  Навоий  номидаги санъат саройи   ўрнида  1956 йилгача Қорёғди   номли   маҳалла  бўларди.  Х–ХI  асрда шаҳар ташқарисида вужудга келган бу  турар  жой    «қариядеҳ» яъни қишлоқ деб  аталган. XVI–  асрнинг  иккинчи  ярмида  маҳалла  cифатида  шаҳар  таркибига  кирган.  Шаҳар таркибига киргач   «қарядех»  қорёғди   кўринишини олганди.  ХIХ асрнинг ўрталарида,  яъни  Қўқон хонлиги  даврида  хоннинг  Тошкентдаги  ноиби  Бекларбеги  томонидан  Тошкент   мудофаа  деворлари  ва  дарвозалари  таъмирланади,   Шунингдек,  қўшимча  мудофаа  деворлари  қурилиб, янги  дарвозалар ўрнатилади.

Бу  пайт   дарвозалар сони  «Тешикқофқа» ва «Янги маҳалла» каби ўтиш жойларидан ташқари ўн иккитага етади. Булар  Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча,  Самарқанд,  Камолон, Бешёғоч,  Қўймас,  Қўқон,  Қашқар каби  дарвозалари  бўлган. Булардан  Лабзак,  Қашқар,  Қўқон,  Қўймас каби  дарвозалар  Шарқ  томондан  кейинчалик  шаҳарга  қўшиб  олинган  қисмига  қурилган,  айримларнинг  ўрни   сурилган.  Ўрни   сурилиши  муносабати билан    номлари  ҳам   ўзгарган.   Шаҳар  дарвозалари қоронғи  тушиши  билан  ёпилган  ва  эрталаб тонг   саҳарда  очилгунга  қадар  ҳеч  ким  шаҳарга  киритилмаган, ҳеч  ким  шаҳардан  чиқиб  ҳам  кетолмаган.  Дарвозахоналар устида  махсус қоровулхоналар ва  дўмбиралар сақланадиган хоналар ҳам  бўлиб, хавф-хатар сезилганда дўмбиралар чалиниб халойиқ огоҳлантирилган. Ҳар бир дарвозада шаҳарга кирувчи ва  чиқувчи карвонларни қайд қилиб  турувчи  божхона бўлган. Дарвозалар олдида амалдорларни кутиб  олиш  маросимлари ҳам  бўлиб турган.

Дарвозалар одатда арча, қайрағоч дарахтлари ёғочидан ясалиб, усти темир ҳошия билан қопланган, турли зулфинлари бадиий нақшлар билан безатилган. Дарвозаларнинг юқори қисми кўпинча панжарали бўлган. Шаҳар, қалъа, сарой кабиларнинг дарвозаларини махсус дарвазабонлар қўриқлаб турган.

Амир  Темур даврида  дарвозалар масъуллиги шу яқин атрофда яшайдиган маҳалла зиммасига юклатилган. Шунинг учун, кўп ҳолларда  дарвозалар шу маҳалла номи билан аталган: Қашқар, Сағбон кабилар. Айрим ҳолларда дарвозалар йўналишларга қараб номланган: Қўқон, Самарқанд кабилар. 1865 йилда Тошкент мустақиллиги  тугагач  дарвозалар бирин кетин бузиб  ташланди.

Бешёғоч  дарвозаси Қўймас ва  Комолон  дарвозалари  оралигида  бўлган, XV – XVI асрларда  Тошкент  Бешёғоч ва  Урда  томон  кенгайиб  боради.  Жумладан, Тошкент  хонининг  эски  шаҳарнинг  ҳозирги  Гулбозор  маҳалласидаги ўрдасидан Бешёғоч  даҳасининг ҳозирги  Қоратош  маҳалласи  ўрнида қурилган янги ўрдасига  кўчиши  муносабати билан шаҳар  ҳудуди  кенгайтирилиб,  мудофаа  деворлари  қурилади.  Шу  муносабат  билан  Бешёғоч  маҳалласи  ҳудудида,  Жанубга  олиб  борадиган  катта  карвон  йўлига  янги  дарвоза  қурилиб,  шу  маҳалла  маъсуллигига  топширилади. Номи  шундан.  Х1Х асрнинг  70-  йилларида  дарвоза  ва    мудофаа  деворлари  бузилиб, ўрнида Бешёғоч    майдони  барпо  бўлган.

Комолон  дарвозаси  Бешёғоч  даҳасининг қадимий  дарвозаларидан  бири  бўлиб,  Бешёғоч ва  Самарқанд дарвозалари  оралиғида,  Комолон   маҳалласи  ҳудудида ва   маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи  шундан.    Муҳаммад  Солиҳ  «Тошкентнинг  янги   тарихи»  номли  асарида  Комолон  маҳалла  сифатида  тилга   олингин бўлиб,  дарвоза   эса  Комондарон  кўринишида ёзилган. Шунингдек,   комондаронларнинг  Бузуқ  қабиласидан  бир  тоифасига  мансублиги кўрсатиб  ўтилган.  Табиийки  маҳаллада яшаган,  бу  тоифанинг  асосий  касб-корлари  комон  ва комон  ўқи  ясаш  бўлган. Комондарон( комонгорон)  яъни  комонсозлар,  кейинчалик  оғзаки  тилимизга Комолон  талаффузида  етиб  келган.  Тарихдан  маълумки  Тошкентда  ясалган  ўқ-ёйлар  Шарқда  «Комони  Шоший»  номи  билан  машҳур  бўлган ва    Шарқ  адиблари  асарларида  таърифланган.

Самарқанд дарвозаси  Бешёғоч  даҳасининг  қадимий  дарвозаларидан бири.  Комолон ва  Кўкча  дарвозалари  оралиғидаги  Самарқанд йўли кўчасида  бўлган. Дарвоза масъуллигини олган  маҳалла ҳам  шу ном  билан,  яъни  Самарқанд  дарвоза номи билан  аталган. Самарқанд  дарвоза  кўчасининг  давоми  Чилонзор  туманидаги  Қатортол кўчаси  бўлиб, Самарқанд,  Бухоро ва  Хоразмга  олиб  борадиган  катта  Карвон   йўли  бўлган.     Маҳаллада  ўзбек  ромончилик  мактабининг асосчиси А. Қодирий яшаган.

Қашқар  дарвозаси даврига, йўналишига қараб, Хитой, Оққўрғон, Шайхонтоҳур номлари билан ҳам аталиб келинган:

—  Дарвозанинг Хитой деб  номланиши  Тошкентнинг географик жойлашиши билан боғлиқ бўлиши керак, чунки Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи шаҳарнинг шу  қисмига яқин жойдан ўтган;

—    Оққўрғон  дейилишига  сабаб, Хожа  Аҳрор  мадрасасининг вақф ерлари Оққўрғон деб  аталган. Оққўрғонга шу дарвоза орқали ўтилган;

—   Шайхонтоҳур  дейилишига сабаб,  дарвоза XIV-XV асрларда Тошкент  мудофаа  деворларининг кенгайтирилиши  муносабати  билан, дарвоза Шайхонтоҳур қабристонига яқин жойда, таҳминан А.  Навоий ва  Б. Зокиров  номидаги кўчалар  кесишган  жойда бўлган.  XVII асрнинг  иккинчи  ярмида  шаҳар  ҳокими  Юнусхўжа  ҳукмронлиги даврида дарвоза  Тошкентнинг туртинчи ўрдаcи қурилиши   муносабати билан Анҳор  каналининг ўнг  тарафида,  таҳминан  ҳозирги   Қишлоқ  Хўжалиги  вазирлиги  биноси яқинида  ўрнатилган.  Номи  Шайхонтоҳурлигича қолган.

Тошкент  Қўқон   хонлиги  тасарруфига ўтганидан кейин   шаҳар ҳудуди  кенгайтирилиши  муносабати билан 1820 йилларда  Анҳорнинг чап  тарафига дарвоза   қурилади. Дарвоза Лабзак ва Қўқондарвозалари оралиғида, Қўқон хони ўрдаси ва  Қашқар   маҳалласини ажратиб  турувчи  ҳозирги  А. Навоий  кўчасининг  Буюк Турон кўчаси билан   кесишган  жойида  бўлган. Дарвоза  1829 йилда  Қўқон  хони  Муҳаммад Алихон  даврида  ўз  ватани   Қашқардан  қувилиб,  Қўқон хонлигидан  паноҳ  топган  мусулмонлар жойлашган  маҳалла  масъуллигига  топширилган. Дарвозанинг  Қашқар   деб  номланиши  шундан.        

Қўқон  дарвоза  Қашқар ва  Қўймас  дарвозалари  оралигида  Қўймас  ва  Маҳрам  номларида келган ҳозирги Ўзбекистон  ва  ҳозирги  Буюк  Турон   кўчалари  кесишган  жойда  бўлган.  (Бу кўча қадимда карвон  йўли  бўлиб,  катта  кўча  дейиларди.  Манбаларда  1875  йилгача Большая,  кейинроқ  Базарная, 1918  йилгача  Д.  И.  Романовский,   1992 йилгача  Ленин  номларида келган).  1820  йилларда Қўқон хонлиги  томонидан қурилган  бу  дарвоза  шаҳарнинг  бошқа  дарвозаларига  нисбатан  анча  ҳашаматли  бўлиб,  табақалари  темир ва  мис  билан  қопланган.  Кондакорлик  безаклари  билан  безатилган. Дарвозадан  фақат ўрдага  кирилган.  Қўқон  хони Тошкентга  келганида дарвоза олдида карнай-сурнайлар  билан  тантанали  кутиб  олинган.

Қўймас  дарвозаси  Қўқон  хони ўрдаси  билан  Бешёғоч  дарвозалари  оралигида, Анҳорнинг  чап  томонида,  Қўймас (манбаларда Тали қўймас тепалиги)   истеҳкоми  харобалари      ёнида  бўлган. Истеҳқом ташқи душмандан шаҳарни ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнаган. Номи  шундан.  Машҳур   қадимшуносларимиздан  Яхё  Ғуломов ўз  маърузаларидан  бирида  1485-87  йилларда  Тошкент  ҳокими  Юнусхон  томонидан  қурдирилган  истеҳкомлардан  бири  бўлиши  керак  деган  фикрни  айтган  эди. Дарвозанинг  ўша  давргача  бўлган  ўрни  Анҳорнинг  ўнг томонида  бўлган.  Айрим   қадимшуносларнинг   тадқиқотларига  кўра  бу  дарвоза  Темур  даврига хос дарвозалар  рўйхатида   Қатағон  дарвозаси деб  аталган. Қатоғон ўзбеклар  таркибига  кирган  йирик  қабилалардан бири.

1865 йилда Россия томонидан Тошкент босиб олингач, Черняев бу “Таликоймас” тепалигини тўрт тарафидан девор олдириб, қўрғон қурдирган. Эл оғзида бу жой Тупроққўрғон номи билан қолган. Бу қўрғоннинг тўплари Эскишаҳарга қаратилган бўлиб, шаҳарнинг руслар яшайдиган қисмини мудофаа қилиб турган. 1867 йилдан 1883 йилгача бу қўрғондан ҳар куни соат 12.00 да тўплар отилиб, гуё маҳаллий халқни даҳшатга солиб турган. Маҳаллий халқда “Тўпотар” ибораси шундан келиб чиққан.

Кўкча  дарвозаси  қадимий  дарвозаларидан  бири  бўлиб,  Чиғатой ва Самарқанд  дарвозалари оралиғида,  ҳозирги М. Уйғур  кўчасининг  тўхташ  жойида (бекатида) бўлган.  Дарвозанинг  масъуллигини   олган  маҳалла   номи  ҳам Дарвоза  деб аталган. Тадқиқодчиларнинг  фикрича  Кўкча  номи  Кохча,  яъни  қалъача  сўзидан  келиб  чиққан. Бу  атама  V–XI   аср археологик  ёдгорлиги  Кўкча оқтепасига  нисбатан айтилган. Бу ёдгорлик ўтган  асрнинг  80-йилларида  текистланиб  ташланган.

Сағбон  дарвозаси  Кўкча  даҳасининг  қадимий  дарвозаларидан бири  бўлиб, Чиғатой  ва  Қорасарой дарвозалари оралиғида, Сағбон  маҳалласи  ҳудуддида  бўлганлиги  учун  шу  маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи   шундан. Асл  номи  Суқбон   ( суқ – арабчада  бозор, бон  –  қоровул),  яъни  бозор   қоровули.  Маҳалла аҳлининг   асосий  тирикчилиги   Дашти  қипчоқдан  ҳайдаб  келинган отарлар, қорамол  ва  йилқиларни  қўриқлашган. Шунингдек, жаллоблик  билан  ҳам  шуғилланишган.

Чиғатой  дарвозаси  Кўкча  ва  Сағбон  дарвозалари  оралиғида, Кайкобус  ариғи  бўйида, Чиғатой  маҳалласи  ҳудудида  ва  шу  маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи  шундан.   Чиғатой  улусини    идора  этган    сулола  (1224–370)  Чингизхоннинг  иккинчи  ўғли  Чиғотой  (1242 йилда  вафот  этган) номидан  келиб  чиққан  деган  сабаб  билан   ўтган  асрнинг  80 –  йилларида    маҳалла  ва  кўча  номлари  ўзгартирилган.  Айрим  тадқиқотчиларнинг  фикрича  Туркий  Чиғотой  улуси   ўзбеклар  таркибидаги  йирик  қабилалардан  бири  бўлиб,  Чингизхоннинг  ўғли  Чиғотойдан анча  илгари  ҳам    мавжуд   бўлган.  Чиғотой  тили,  Чиғотой  адабиёти каби  атамалар  шу    қабила  номига  мансуб.

Қорасарой  дарвозаси  Себзор  даҳасининг  қадимий  дарвозаларидан  бири    Сағбон  ва  Тахтапул  дарвозалари  оралиғида  Кайкобус  ариғининг  бўйида, Қорасарой маҳалласи ҳудудида ва шу  маҳалла  масъуллигида  бўлган.  Номи  шундан.  Дарвозадан  ташқарида  Қорасарой  қабристони  бўлган.

Тахтапул дарвозаси Себзор даҳасининг  Қорасарой ва  Лабзак  дарвозалари оралиғида,  Кайкобус  ариғининг  бўйида, Тахтапул  маҳалласи  ҳудудида бўлган. XVIII асрнинг  80–йилларида  Тошкент  ҳокими  Юнусхўжа  ҳукмронлиги  даврида  шаҳар  ҳудуди бирмунча  кенгайтирилиб,  янги  мудофаа  деворлари ва қўшимча  дарвозалар  қурилади.  Жумладан,  Себзор  маҳалласидаги   кичик  дарвоза  ва  мудофаа  деворлари  бузилиб, ўрнига  Кайкобус  ариғи бўйида янги  мудофаа  девори,  дарвоза  ва  Кайкобус  ариғига    Тахта  кўприк қурилади.  Дарвоза,  маҳалла  ва   кўчанинг  Тахтапул (Тахтакўприк) деб  номланиши  шундан.

Лабзак  дарвозаси Себзор  даҳасининг уч  дарвозасидан  бири  бўлиб,  Тахтапул ва  Қашқар  давозалари  оралиғида  жойлашган  эди. Манбаларда  ўзбеклар  дарвозаси  деб  ҳам  юритилган.  Маҳалла  ҳудудидан ўтган  ариқ  Бузсув  тармоқлари  бўлмиш  Анҳор  ва  Кайкобус  каналларига  яқин  бўлганлиги  сабабли  сув  доим  тўлиб–тошиб  оққан.  Шунинг  учун,  ариқ  бўйлари  нисбатан  захроқ  бўлган,  Маҳалла,  ариқ  ва  дарвозанинг  Лабзак  (яъни,  зах  ариқнинг  бўйи)  деб  номланиши  шундан.  Дарвоза  1820 йилларда Қўқон  хонлиги  ҳукмронлиги  даврида  шаҳар ҳудудининг  кенгайтирилиши  муносабати  билан   қурилган.

Тошкент  тарихида  юқорида  номлари  келтирилган  шаҳарнинг 12  дарвозасидан  ташқари  Наршахий ва  Макдусий  каби  қадимий  тарихчиларнинг  асарларидан ўрин  олган  қадимий  Тошкент  ўрдасининг  икки  дарвозаси  ва  шаҳристонининг  Абул  Аббос, Каср (Кеш), Гумбаз  (Жунай)  номлари  билан  келган  уч  дарвозаси  бўлиб,  булар ҳозирги  Эскижўва  бозори,  Зарқайнар,  А. Навоий ва  Чорсу  кўчалари  оралиғида бўлган.  Бу  дарвозаларнинг баъзилари  тахминан ҳозирги  А. Хидоятов номли  театр ва Кўкалдош  мадрасасининг орқа  томонида  бўлган.  Шунингдек,  ҳозирги А. Навоий  ( илгариги  номи  Шайхонтоҳур)  кўчасидан  Шайхонтоҳур  зиёратгоҳига  киришдаги  машҳур  Шайхонтоҳур  дарвозаси  бўлган. Дарвоза  ўтган асрнинг  40–йиллирида  Навоий  кўчасини  кенгайтирилиши  муносабати  билан  буздириб  юборилган.

Манба: E-tarix.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Олий Мажлис Сенатининг эллик биринчи ялпи мажлиси 30 март куни чақирилади

28 март куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди. Унда Сенатнинг...

Больше похожих статей

×