Бугун Тошкентда «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ташкилотчилар номидан табрик сўзи билан чиқиш қилинди.
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилаётган форумда 50 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин оммавий ахборот воситалари, илмий ва маданий жамоатчилик вакиллари, шунингдек, рақамли соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Тадбирнинг ахборот ҳамкорлари қаторида Euronews, CNN, BBC ва Al Jazeera каби етакчи халқаро медиа брендлар бор.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ўтказилаётган форум мамлакатнинг бой цивилизацион меросини замонавий мазмунда жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш учун муҳим халқаро майдонга айланди.
Тадбирда форумнинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Ислом цивилизацияси, аввало, илм-фан, маърифат, тафаккур ва бағрикенглик цивилизацияси экани қайд этилди. Минтақада яшаб ижод қилган буюк олим ва мутафаккирлар мероси нафақат тарихий бойлик, балки замонавий илмий, маданий ва инновацион тараққиёт учун муҳим интеллектуал манба ҳисобланади.
Иштирокчилар ушбу меросни замонавий рақамли форматлар ва ёш авлод учун тушунарли медиа ечимлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Шу билан бирга, журналистика тарихий меросни холис ёритиш, мавжуд стереотипларни бартараф этиш ва халқлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.
Форум бир марталик тадбир эмас, балки узоқ муддатли профессионал мулоқот ва халқаро ҳамкорликнинг бошланиши сифатида баҳоланмоқда.
Тадбир доирасида ишлаб чиқиладиган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг цивилизацион меросини жаҳон ахборот маконида янада кенгроқ тарғиб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.


