Кобул шаҳрида илк бор Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик тадқиқотлар маркази ташаббуси билан Афғонистон, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон таҳлилий марказлари форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистоннинг илмий доиралари, тадқиқот институтлари ҳамда таҳлилий марказлари вакиллари иштирок этди.
Форум кун тартибидан савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-транзит боғлиқлигини ривожлантириш, инвестициявий шериклик, иқлим ўзгариши, минтақавий хавфсизлик ва давлатлараро мулоқотни экспертлар даражасида қўллаб-қувватлаш масалалари ўрин олди.
Тадбирни очиб берган Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий замонавий халқаро муносабатлар тизими мураккаб тарихий босқични бошдан кечираётганини таъкидлади. Унинг фикрича, давлатлар ўртасида рақобат сақланиб қолаётган бўлса-да, кўп томонлама ҳамкорлик ва жамоавий ҳаракатларга интилиш тобора кучаймоқда.
Вазир Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон билан муносабатлари прагматик ёндашув ва ўзаро манфаатлар асосида ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланаётганини қайд этди.
«Бугун биз бу ерга шунчаки мамлакатларимиз вакиллари сифатида эмас, балки ягона географик маконнинг интеллектуал бошқарувчилари сифатида йиғилдик», — деди Амирхон Муттақий.
Унинг таъкидлашича, Афғонистон Марказий Осиёни асосий ҳамкор сифатида кўради ва барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Шу муносабат билан келгусидаги ҳамкорликнинг амалий ва кенг қамровли йўл харитасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Нутқ давомида иқтисодий ўзаро боғлиқлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакатни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги табиий кўприк деб атаб, CASA-1000, ТАПИ газ қувури, Ложувард йўлаги ва Трансафғон темир йўли каби йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришга қизиқиш билдирди.
Шунингдек, иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, атроф-муҳит ифлосланиши ва можаролар оқибатлари каби умумий муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Вазирнинг сўзларига кўра, бу каби таҳдидлар сиёсий чегараларни тан олмайди ва уларга қарши курашишда илмий таҳлил ҳамда эксперт баҳоларига таянган ҳолда жамоавий қарорлар қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Амирхон Муттақий минтақа давлатлари ўз тараққиёт устувор йўналишларини мустақил белгилаш учун етарли интеллектуал, иқтисодий ва сиёсий салоҳиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг фикрича, минтақа тадқиқотчилари ўз ҳудудининг имкониятлари, муаммолари ва истиқболларига ташқи қарашларсиз мустақил баҳо бериш ҳамда давлатлар манфаатларига мос ечимларни таклиф қилиш имкониятига эга.
Форум доирасида таҳлилий марказлар ва илмий муассасалар ўртасида барқарор ҳамкорлик тармоғини шакллантириш, қўшма тадқиқот дастурларини ривожлантириш ва эксперт хулосаларини мунтазам алмашиш масалалари ҳам илгари сурилди.
Якунловчи сўзида Афғонистон ташқи ишлар вазири минтақа келажаги ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканини таъкидлади.
Шунингдек, у Афғонистон тадқиқотчилари Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ҳамкасблари билан илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалаларига бағишланган халқаро Термиз мулоқоти бўлиб ўтган эди. Унда ҳам минтақа экспертлари, таҳлилий марказлар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этиб, транспорт-транзит алоқалари, хавфсизлик ва иқтисодий шериклик истиқболларини муҳокама қилган эдилар.

