Фарғона шаҳрида медиа соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган йирик медиа форум бўлиб ўтди. Тадбирга мингга яқин иштирокчи жалб қилиниб, унда замонавий медиа лойиҳалар, креатив ташаббуслар ҳамда ахборот маконида самарали фаолият юритишга қаратилган инновацион ечимлар тақдим этилди.
Форум ОАВ учун контент тайёрлаш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида журналистлар, блогерлар, SMM мутахассислари, мобилографлар, матбуот котиблари ҳамда ёш ижодкорлар бир майдонда жам бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, медиа соҳасининг ривожланиш тенденциялари, рақамли коммуникациялар ва замонавий ахборот муҳитида самарали ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
Форум иштирокчилари медиа макондаги янги имкониятлар, аудитория билан ишлашнинг замонавий усуллари ва контент яратишдаги инновацион ёндашувлар юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбир якунида Медиа ҳафталик доирасида ташкил этилган тренинг ва семинарларда фаол қатнашган иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, форум нафақат амалга оширилган ишлар сарҳисоби, балки янги медиа ғоялар, истиқболли лойиҳалар ва ҳамкорликларни шакллантириш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтади.

