Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркистон шаҳридаги тарихий-маданий марказ фаолияти билан танишди.
Олий мартабали меҳмонлар Марказий Осиёдаги ислом меъморчилигининг йирик ёдгорликларидан бири ва Қозоғистоннинг маънавий рамзи ҳисобланган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди.
Таъкидланишича, мақбара XIV аср охирида Амир Темур фармони билан барпо этилган бўлиб, бугунги кунда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Мажмуа қурилишида Марказий Осиё усталари, шунингдек, бошқа ҳудудлардан келган меъмор ва рассомлар иштирок этган.
Давлат раҳбарлари буюк сўфий шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий хотирасини ёд этдилар.
Шунингдек, делегациялар “Ҳазрат Султон” музей-қўриқхонасининг визит марказига ташриф буюриб, замонавий музей экспозициялари ҳамда тарихий-маданий мерос объектлари билан танишдилар.
Меҳмонлар XIV–XV асрларга оид ноёб ёдгорликлар жамланган “Нодир экспонатлар зали”га алоҳида қизиқиш билдирдилар. Улар орасида Яссавий мақбарасининг асл эшиги, дафн ёпинчиғи, Амир Темур томонидан ҳадя қилинган бронза шамдонлар, шунингдек, ўрта асрларга оид ноёб кулолчилик ва амалий санъат намуналари мавжуд.
Таъкидланишича, бундай тарихий обидаларни асраш ва маданий лойиҳаларни ривожлантириш тарихий хотира, маънавий меросни мустаҳкамлаш ҳамда туркий халқлар ўртасидаги яқинликни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

