Тошкентда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларни амалга ошириш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши ўтказилди. Муҳокама марказида чўлланишга қарши курашиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш масалалари турди.
Ҳисобот даврида республика бўйича 220 минг гектардан ортиқ майдонда, асосан қурғоқчил минтақаларда янги ўрмонзорлар ташкил этилди. Экологик жиҳатдан энг мураккаб ҳудуд — Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида 253 минг гектар майдонда «яшил қоплама» барпо этилди. Шу билан бирга, 134 та шаҳар ва туманда 347 гектар майдонни эгаллаган «яшил боғлар» барпо этилиб, аҳоли пунктлари қиёфаси ўзгартирилди. Тупроқ эрозиясининг олдини олиш мақсадида тоғолди ҳудудларида махсус ҳимоя ўрмон полосалари шакллантирилди.
Экологик ташаббуслар доирасида Сурхондарё вилоятида салмоқли натижаларга эришилди. «Яшил макон» лойиҳаси асосида ҳудудда 39 миллиондан ортиқ кўчат етиштирилди. Хусусан, Каттақум массивининг 4 минг гектар майдонида саксовул ва черкез уруғлари сепилиб, қум кўчишининг олди олинмоқда.
Тизимли чоралар доирасида сув инфратузилмаси ҳам модернизация қилинди. 5,5 минг километрдан ортиқ коллектор тармоқларининг реконструкция қилиниши натижасида шўрланган ерлар майдони 93,8 минг гектардан 90,1 минг гектаргача камайишига эришилди.
Шу билан бирга, йиғилиш иштирокчилари аграр секторни шамол ва сув эрозиясидан ҳимоя қилиш учун қишлоқ хўжалиги ерлари атрофида иҳота дарахтзорларини барпо этишни жадаллаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Тадбир якунида соҳа мутасаддилари учун аниқ вазифаларни белгиловчи «йўл харитаси» тасдиқланиб, ижро назорати тегишли давлат органлари зиммасига юкланди.

