Тошкент шаҳрида 2 гектар нотурар ер майдонини 9 млн АҚШ долларига сотишга уриниш билан боғлиқ ноқонуний схемага чек қўйилди.
Маълум қилинишича, 1953 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган аёл 1982 йилда туғилган таниши билан тил бириктирган. Улар Юнусобод туманида жойлашган, тадбиркорлик субъектига тегишли, бироқ айни пайтда тақиқда турган 2 гектар ер майдонини харидорга сотишга келишган.
Гумонланувчилар мансабдор танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб, ер майдонини турар жой тоифасига ўтказиб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмат эвазига улар олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (ўта йирик миқдорда фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришга суиқасдда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ер муносабатлари билан боғлиқ ноқонуний схемаларга қарши кураш изчил давом эттирилаётганини маълум қилди.

