11.1 C
Узбекистан
Воскресенье, 11 января, 2026

Глобал рақобат кескинлашаётган шароитда иқтисодиёт тармоқларини технологик янгилашнинг объектив зарурлиги

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,310участниковПодписаться
- Advertisement -

Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий иқтисодиётни технологик жиҳатдан ривожлантириш, саноатнинг устувор соҳаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда инновацион ўсишни таъминлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини технологик жиҳатдан ривожлантириш орқалигина саноатда юқори қўшилган қиймат улушини ошириш мумкин. Шу билан бирга меҳнат унумдорлигининг ошиши ҳисобига ишлаб чиқариш харажатлари қисқариб, самарадорлик ортиб боради. Бу ҳолат мамлакатнинг экспорт салоҳиятини яхшилаш билан бирга кадрлар салоҳиятининг ортишига ҳам туртки беради. Албатта, иқтисодиётнинг муҳим соҳа ва тармоқларини технологик жиҳатдан ривожлантиришда хорижий инвестицияларнинг ўрни муҳим. 2017-2024- йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 188 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, хорижий капитал иштирокидаги 16 мингдан ортиқ корхона очилди. 2025-йилда эса иқтисодиёт тармоқларига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 31,9 фоизни ташкил этиб, экспорт 33,4 миллиард долларга етди.

Албатта, бундай кўрсаткичларга эришиш учун сўнгги йилларда халқаро ташкилотлар, хусусан Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки тавсияларига кўра, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини янада ривожлантириш борасида йўл хариталари, тармоқ ва соҳаларни такомиллаштириш борасида ўрта ва узоқ муддатли стратегиялар ҳамда давлат дастурлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5-октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6079-сон ҳамда 2023-йил 11-сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сонли Фармони шулар жумласидандир.

Халқаро бозорлардаги бугунги ўзгаришлар, дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий таранглик ҳар бир мамлакатдан кечиктириб бўлмайдиган даражада миллий иқтисодиётини технологик ривожлантириш ва инновацион ўсишни таъминлашни талаб этмоқда. Чунки ривожланаётган мамлакатлар учун хос бўлган анъанавий иқтисодий ўсиш модели ҳозирги глобал рақобат талабларига жавоб бермай қолди. Сабаби мазкур модел асосан ишчи кучи, қўшимча харажатлар ҳамда хомашёга таянган экстенсив ўсишга асосланганлиги боис, бу тизимда меҳнат унумдорлиги паст бўлади. Ҳозирги ресурслар танқислиги, экологик омилларнинг кучайиб бориши, хусусан глобал иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг камайиши, аҳоли сонининг ортиши мамлакатлардан тежамкор технологиялардан фойдаланиш, рақамли хизматларни кенгайтириш, сунъий интеллект имкониятларини ишга солиш, инсон капиталига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришни талаб этмоқда. Ушбу талабларнинг нақадар муҳим эканлигини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025-йилнинг 26-декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Мурожаатномада давлат раҳбари 2026-йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилган ҳолда мазкур йилда амалга ошириладиган энг муҳим олтита устувор йўналишни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш 2026-йилда Ўзбекистонда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг самарали бажарилишидаги иккинчи устувор йўналиш эканлигини қайд этган ҳолда қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратди:

Биринчидан, ҳозирги кунда жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқара олган мамлакатгина дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) ҳамда БМТнинг Саноат ривожланиши бўйича ташкилоти (UNIDO) маълумотларига кўра, Хитой, АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея, Сингапур каби мамлакатлар ҳозирги кунда жаҳон бозорида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлари билан етакчилик қилмоқда. Хусусан, 2024-йилда Хитой дунёда энг йирик қийматга эга бўлган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарган мамлакат сифатида эътироф этилди. UNIDO нинг маълумотларига кўра, Хитойнинг саноат соҳасида яратган маҳсулотлари қиймати 4,6 трлн. АҚШ долларини ташкил этиб, бу кўрсаткич жаҳон саноатининг 27,7 фоизини ташкил этади. Хитойда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг асосий қисми юқори технологияли ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ташкил этади. Ўртадан юқори даражали даромадга эга бўлган мамлакатлар ҳисобланган Арманистон, Беларусь, Грузия, Аргентина, Бразилия, Мексика, Индонезия, Малайзия, Таиланд каби давлатлар ҳам сўнгги йилларда иқтисодиётнинг муҳим соҳаларини технологик жиҳатдан такомиллаштириш ва инновацион ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. TheGlobalEconomy.com нашрининг маълумотларига кўра, Арманистонда инсон капиталини ривожлантириш ҳисобига экспортда юқори технологияли маҳсулотлар улуши 22 фоизга етган. Шунинг учун давлатимиз раҳбари Мурожаатномада иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш 2026-йилда ислоҳотларнинг бош мезони бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам мамлакатимиз саноатида ишлаб чиқариладиган технологик маҳсулотлар улушини 2030-йилга бориб, 25 фоиздан 32 фоизга етказиш, қайта ишлаш саноатида меҳнат унумдорлигини 2 баробар ошириш ҳамда саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард АҚШ долларига етказиш билан бирга 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўрнини яратиш мақсад этиб белгиланган. Мазкур мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун бевосита иқтисодиётнинг барча соҳаларида тармоқ ва соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш зарур бўлади.

Иккинчидан, иқтисодиётни технологик ривожлантириш ва унинг инновацион ўсишини таъминлаш борасида жаҳонда юз бераётган тенденциялардан келиб чиқиб, Ўзбекистон миллий иқтисодиётида ҳам янги технологик босқичга ўтиш даври келганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Бу борада сўнгги йилларда ишлаб чиқариш соҳасида қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этила бошланди. Албатта, бундай дастурларни самарали амалга оширишда хорижий инвестиция муҳим аҳамиятга эга. Агар 2024-йил натижаларига эътибор берадиган бўлсак, хорижий инвестициялар 2023-йилдагига нисбатан 1,6 баробар ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилди. Қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўртача лойиҳа ишга тушди, экспорт илк бор 27 миллиард долларга етди. 2025-йилда эса бу кўрсаткич 43,1 миллард АҚШ долларини ташкил этди. 2026-йилда   Ўзбекистонда 52 млрд. АҚШ долларилик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаларига старт берилиши таъкидлаб ўтилди. Натижада жорий йилда 14 млрд. АҚШ долларилик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади. Кўрилаётган бундай чора-тадбирлар туфайли 2026-йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 млрд. АҚШ долларига етказиш прогноз қилинмоқда. Эътибор берадиган бўлсак, йилдан-йилга иқтисодиётнинг соҳа ва тармоқларига жалб этаётган инвестициялар миқдори ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида янги иш ўринларини яратиш билан бирга илм талаб этадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиради.

Учинчидан, Ўзбекистонда жорий йилдан бошлаб инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар рағбатлантирилади. Бунинг учун корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади. Шу билан бирга жорий йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та дата-марказ, 2 та суперкомпьютер ва 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Яратилаётган мазкур инфратузилма келгусида тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш нафақат иқтисодий сиёсатнинг навбатдаги босқичи сифатида, балки миллий иқтисодиётни янада диверсификация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш ва экспорт рақобатбардошлигини оширишга қаратилган стратегик бурилиш сифатида баҳоланади. Мазкур йўналишда қабул қилинадиган қарорлар аниқ индикаторлар, ўлчанадиган натижалар ва доимий аналитик мониторинг билан қўллаб-қувватланиши зарур. Бу эса миллий иқтисодиётнинг хомашёга қарамлик даражасини камайтириб, илм  талаб ва юқори технологияли маҳсулотлар улушининг ортишига олиб келади. Меҳнат унумдорлиги ошади, ишлаб чиқарилаётган товарларнинг маҳаллий ва хорижий бозорлардаги рақобатбардошлик даражаси яхшиланади. Экспорт салоҳияти ортади.

Нодирбек Расулов

Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент,

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муомала учун жавобгарлик мавжуд

Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муомала қилиш ҳолатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган...

Больше похожих статей

×