Жаҳон меҳнат бозори тез ўзгараётган шароитда техник касбларнинг аҳамияти янада ошмоқда. Сунъий интеллект ва автоматлаштириш ривожи офис йўналишидаги айрим касбларга босим кучайтираётган бир пайтда, амалий касблар барқарор ва талабгир йўналиш сифатида ажралиб чиқмоқда.
NVIDIA компанияси раҳбари Jensen Huang фикрига кўра, яқин йилларда энг кўп талаб қилинадиган касблар сантехник, электр муҳандиси ва пайвандчи бўлади. Унинг таъкидлашича, реал сектор ва инфратузилма билан боғлиқ ишлар инсон меҳнатига эҳтиёжни сақлаб қолади ва ҳатто оширади.
Randstad компанияси ўтказган таҳлилларга кўра, сўнгги уч йил ичида техник мутахассисларга бўлган талаб 27 фоизга ошган. Қурувчиларга эҳтиёж 30 фоизга, пайвандчиларга 25 фоизга, электр муҳандисларига эса 18 фоизга кўпайгани қайд этилган.
Мутахассислар бу тенденцияни тажрибали кадрларнинг пенсияга чиқиши ва ёш мутахассислар етишмовчилиги билан изоҳламоқда. Шу сабабли бозор янги ишчи кучига эҳтиёж сезмоқда.
Таҳлилларга кўра, келажакда айнан амалий кўникмага эга мутахассислар барқарор даромад ва юқори бандлик имкониятларига эга бўлади.

