Президентимиз Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномани тақдим этар экан, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мамлакат ривожланишининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари бу йўналишда бир неча ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Президент йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ташланмаларини мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилишини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, келгуси йили Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг навбатдаги ассамблеяси ва Марказий Осиё халқаро эко-кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлар тармоқлар, ҳудудлар ва бизнес учун ҳамкорлар топиш, янги эко-лойиҳаларни биргаликда бошлашга катта имконият яратади.
Энди, фильтрсиз кўмирда ишлайдиган қозонхоналардан воз кечилади. Уларни пойтахт атрофидан кўчириб, ҳамма жойда марказлашган қозонхоналар орқали иситишни йўлга қўйилади. Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агро-кластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтадиган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилади.
Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказмоқда. Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Эски машинасини алмаштираман деганларга, автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Фильтр ўрнатиб, зарарни камайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчилар учун харажатларининг бир қисми бўйича субсидия ажратилади. Шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун махсус йўлаклар кўпайтирилади.Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади.
Экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур асосида, маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади. Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади. Электромобилларни қувватлаш станцияларида автомобилларни зарядлашда 1 киловатт соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.
“Энг асосийси, бу ишларни тўғри йўлга қўйсак, пойтахтимиз, вилоят марказлари ва йирик шаҳарлар фақат “эко-транспортлар” ҳаракатланадиган ҳудудга айланади”, – деди Президентимиз.
Чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилинади.
Корхоналарда эко-стандартларни жорий қилиш учун келгуси беш йилда камида 30 минг нафар экология менежерига талаб пайдо бўлади. Шунинг учун 2026 йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.
Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.
Сўнгги беш йилда 6 минг мега-ваттли қуёш, шамол ва гидро электр-станциялари ишга туширилди, умумий генерацияда “яшил” энергиянинг улуши 30 фоизга етди. Яқинда хорижий ҳамкорлар билан жами 3,5 минг мега-ваттли 4 миллиард 200 миллион долларлик янги “яшил” қувватлар қурилиши бошланди. Бу ишлар орқали 2026 йилнинг ўзида 7 миллиард куб метр табиий газ тежалади ва ҳавога 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Мурожаатномадаги экология ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш борасидаги ташаббуслар ва кейинги йилга мўлжалланган чора-тадбирлар бизнинг келгуси тараққиёт йўлимизни таъминлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Боиси, иқлим ўзгаришлари кескин вазиятларни юзага келтираётган бугунги шароитда атроф-муҳитни асраш, экологияни яхшилаш, “яшил” энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, умуман, табиат билан мувозанатни таъминлаш асло кечиктириб бўлмайдиган вазифа саналади.

