Тошкент шаҳрида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамкорлигида “Марказий Осиё: минтақавий ривожланишнинг янги парадигмаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дипломатик академиялари вакиллари, дипломатик миссиялар, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (Ашхобод), шунингдек, халқаро ва илмий ташкилотлар экспертлари, жумладан, Финляндия халқаро муносабатлар институти (FIIA) вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Марказий Осиёда сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётганини, шунингдек, иқтисодий, транспорт, энергетика ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришда минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидладилар.
Конференция давомида минтақавий мулоқотни изчил ривожлантириш, эксперт ва академик алмашинувларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё Эксперт форуми (Тошкент, 2025) ҳамда Фарғона тинчлик форуми минтақада ишончни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим платформалар сифатида эътироф этилди.
Муҳокамалар чоғида минтақавий хавфсизлик, иқлим ва сув билан боғлиқ муаммолар, транспорт боғлиқлиги ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар трансчегаравий таҳдид ва муаммолар мувофиқлаштирилган ҳамда узоқ муддатли ечимларни талаб қилишини таъкидладилар.
Конференция якунида академик, эксперт ва дипломатик ҳамжамиятлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, барқарорлик, ўзаро ишонч ва барқарор ривожланиш манфаатлари йўлида минтақавий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир минтақа ривожланишининг “янги парадигмаси” шаклланаётганининг яна бир тасдиғи бўлди — яъни фаол минтақавий ҳамкорликдан чуқур интеллектуал ва институционал интеграцияга ўтиш жараёнини намоён этди.

