Мулкий муносабатлар тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, ибтидоий жамоа тузуми даврларидан бошлаб дастлаб жамоа ва ҳар кимнинг меҳнатига яраша улушидан хусусий мулкчилик шакллана бориши биланоқ уни тасарруф этишга бўлган эҳтиёж ўз ўзидан ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқара бошлаган.
Собиқ иттифоқ даврига келиб хусусий мулк тушунчасига деярли эътибор берилмасдан корхона ташкилотлардан тортиб колхоз совхоз ва қишлоқ хўжалик техникаларигача барчаси давлат мулки сифатида эътироф этилиши натижасида охир оқибат талон тарожликка олиб келинди.
Дарҳақиқат, мустақилликка эришганимиздан кейин юртимизда бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий давлат қуриш мақсади илгари сурилди.
Шу боисдан ҳам, бозор муносабатлари соҳасида маъмурий-буйруқбозлик сиёсатидан воз кечилиб, бозор иқтисодиёти ва бозор муносабатларини ислоҳ қилишга жадаллик билан киришилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 168-моддасида Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мулк ҳуқуқининг субъектларидир.
Мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида бир шахсга ёки икки ва ундан ортиқ шахсларга қарашли бўлиши мумкин.
Мол-мулк фуқаро, юридик шахс ёки давлатнинг мулки бўлишига қараб мулк ҳуқуқини, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва бекор қилиш хусусиятлари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулклорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.
Мазкур қонуннинг 4-моддасида Мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли эканлиги, у ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин. Мол-мулкдан фойдаланиш фуқароларнинг, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги керак. Барча мулкдорларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда тенг шароитлар таъминланади.
Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг эгалари ва тижорат сирининг эгалари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатлардан фойдаланади.
Мазкур қонуннинг 19-моддасила мулк ҳуқуқи мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган ҳолда бекор қилинганда унинг ҳуқуқлари кафолатлари қуйидагича талқин қилинган.
Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Бунда етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши керак.
Мулк ҳуқуқини қўлга киритишнинг фуқаролик муомаласида энг кенг тарқалган ва кўп амалга ошириладиган тури битимлар асосида мол-мулкни олиш бўлиб, Фуқаролик кодекси 184-моддасининг 1-қисмига кўра, мол-мулк олиш-сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.
Шартнома асосида мол-мулк олинганда унга нисбатан мулк ҳуқуқининг вужудга келиш пайти мулкнинг тури ва хусусиятига қараб белгиланади ва умумий асосларга кўра шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқини вужудга келтиришнинг ўзига хос асосларидан бири эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ҳисобланади.
Қонун мулкни бундай асосда қўлга киритиш учун қуйидаги шартларни белгилайди:
Қонунда белгиланган муддатнинг ўтиши;
Мол-мулкка ўзиники каби ҳалол, ошкора, узлуксиз эгалик қилиш, эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўчмас мол-мулкка 15 йил, бошқа мол мулкка 5 йил этиб белгиланган;
Кўчмас ва бошқа мол-мулк давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлганда мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, шахс ихтиёрида бўлиб, Фуқаролик кодексининг 228, 229, 230 ва 232-моддаларига мувофиқ унинг эгалигидан талаб қилиб олиниши мумкин бўлган ашёларга доир эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тегишли талаблар бўйича даъво муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.
Яна шуни тахкидлаб ўтишимиз керакки, кўчмас мулклар билан боғлиқ масалада ҳам уй жойлари бузилиб кетиш эвазига компенсация пулларини ўз вақтида ололмасдан йиллар давомида сарсон саргардон бўлиб юрган фуқаролар ҳам йўқ эмас эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 августдаги “Мулк ҳуқуқининг даҳлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкни капиталлашув даражасини ошириш чора-табдирлари тўғрисида”ги ПФ 198-сон Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган зарарларни қоплашнинг бошқа манбалари белгиланган ҳолларда, компенсация тўловлари республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик ушбу манбалар ҳисобидан қоплаб берилади;
суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланмаган ва (ёки) регресс тартибида ундириб олиш шартисиз давлат томонидан қоплаб берилиши кўрсатилган ҳолларда, республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 65-моддаси бу каби ҳолатларга мутлоқ барҳам берди десак муболаға бўлмайди. Яъни Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши;
Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги;
Бугунги кунда яшовчи фуқароларнинг турар жойлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган нотурар бино иншоотлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун зарур бўлганлиги сабабли, комиссия томонидан шакллантирилган рўйхат асосида мулкдорлар хисобидан бузишга рухсат берилса, бозор муносабатлари асосида баҳоланиб, олдиндан компенсация тўловлари амалга оширилмоқда.
Низо келиб чиққан ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари судлар томонидан ҳимоя қилинаётганлиги бу бир томонлама; Бироқ; жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятининг пастлигидан бу нормалардан хабардор бўлмаслиги, оқибатида уларнинг ҳақ ҳуқуқлари паймол бўлишига олиб келинмоқда.
Шу сабабли ҳам бугунги кунда кўпроқ тарғибот ишлари билан бир қаторда жойларда ўтказилаётган сайёр суд процесларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама тушунтирилмоқда. Фуқароларимизнинг ўз ҳақ ҳуқуқларини англаб етган сари судларда иш ҳажми камайиб боради. Муҳими жамиятимизда соғлом муҳит яратилишига эришиб борамиз.
Мухиддин Саидов
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга
оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш
ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини
ҳимоя қилиш жамғармаси юрисконсульти