Халқаро чой куни муносабати билан Самарқанд туристик мажмуасидаги Боқий шаҳарда чой фестивали ўтказилди. Халқаро мақомга эга бўлган фестивал “Чой, маданият, тинчлик!” шиори остида иккинчи марта Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) жамоаси томонидан ташкил этилди. Университет анъанаси бўйича ушбу тадбир ҳам ғоят сермазмун, қизиқарли ва юқори савияда ўтди.
Чойнинг узоқ тарихи, дунё миқёсида тутган маданий ва иқтисодий аҳамиятини эътироф этиб, 2019 йил 19 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 21 майни “Халқаро чой куни” деб эълон қилган эди. БМТ аъзо давлатларни, шу жумладан, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва илмий доираларни халқаро чой кунини миллий устуворликка мувофиқ тарзда чойнинг аҳамияти ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар орқали муносиб нишонлашга давъат этди.
2024 йилдаги Халқаро чой куни “Дунё бўйлаб аёлларни эъзозлаш: чой экинидан тортиб, уни то пиёлага қуйилишигача” шиори остида ўтказилди.
Фестивал ташкилотчилари унинг мақсадини қуйидагича таърифлашди: Ўзбекистонда, айниқса ўсиб келаётган ёшлар орасида чой ичиш маданияти анъаналарини ривожлантириш ва оммалаштириш, мамлакатимизда ва хорижда асл ўзбек чой маданиятини тарғиб қилиш, бутун дунёда чойга ва чой ичишга мувофиқ келувчи меҳмондўстлик маданиятини намойиш қилиш, турли мамлакатлар ва турфа халқларнинг чой маданиятлари, чой дамлаш ҳамда чой маросимларини ўтказиш бўйича анъаналари билан самарқандликлар ва шаҳар меҳмонларини таништириш.
Тадбирни таассуротларга бой тарзда ўтишида университетнинг хорижий ҳамкорлари билан йўлга қўйган манфаатли алоқалари ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Ҳамкорлар орасида Хитой ОТМлари ҳам бор. Маълумки, чойнинг ватани Хитой ҳисобланади ва шу сабабли Хитой чой маданияти дунёда энг машҳур маданиятлардан бири саналади. 2022 йилда чой ишлаб чиқариш ва чой дамлаш бўйича хитой анъанавий техникаси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган эди.
Айнан фестивалга атаб хитойлик ҳамкорлар томонидан SIUTга энг яхши чой навларидан намуналар, Самарқанд, Тиантзин, Ханчжоу шаҳарлари тўғрисида хитой тилида нашр этилган янги китоблар ва бошқа материаллар юборилди. Шу ернинг ўзида университетда хитойликлар билан тайёрланган “Teo, Amo, kaj la Mondo” («Чой, Муҳаббат ва Тинчлик») халқаро тематик фотокўргазма ҳам намойиш этилади.
Фестивал иштирокчиларига хитойлик экспертлар йўллаган илиқ видео-табриклар кўрсатилди. Улар орасида чой бўйича йирик мутахасисслар бор эди. Шунингдек, “Teo, Amo, kaj la Mondo” лойиҳасида қатнашаётган 31 мамлакатдан 83 нафар иштирокчи чой ичиш маданияти, чойга оид хитой мумтоз хаттотлик санъати тўғрисидаги эсперанто ва бошқа тилларда битилган видеотақдимотлар ва видео-табриклар юборган.
Форум дастури доирасида «Чой сирларини бохабармисиз?» деб номланган викторина (викторина ғолибларига тегишли совғалар берилади), китоблар кўргазмаси, анъанавий чой маросимлари ва чой идишлари тақдимоти, турли хил чойларнинг сара навларидан татиб кўриш, халқ оғзаки ижодига асосланган рақс ва мусиқа композициялари ташкил қилинади.
SIUTнинг хорижлик профессор-ўқитувчилари ўз мамлакатларида чой ичиш ва чой маросимларини ўтказиш ҳамда нима учун у ёки бу чой навини яхши кўришлари борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашадилар.
Фестивалдан “Amir Tea Samarqand” МЧЖ томонидан тақдим этилган энг сара чойлар кўргазмаси, шунингдек, чойни тўғри дамлаш ҳамда чой навини таътиб кўриш бўйича амалий чиқишлар ҳам ўрин олди.
Тадбир кўй-қўшиқ, навою рақсга бой тарзда катта хурсандчилик билан ўтди. “Ялла” ансамблининг фестивал ташриф қоғозига айланган чой ҳақидаги машҳур қўшиғи ҳамда элимиз ардоғидаги хонанда Зулфия Рашидова ижросидаги наволар иштирокчиларни рақсга илҳомлантирди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Самарқанд халқаро технология университети профессори Хосият Бобомуродова ўзининг чойга бағишланган янги шеърини ўқиб берди.
Фестивалда қатнашган ҳар бир иштирокчи ва томошабин байрам муҳитига шўнғиб кетди. “Вақтни жуда мазмунли ўтказдик. Бундай бўлишини кутмаган эдим. Қаранг, чой турли миллат ва элат вакилларини бирлаштирди. Айниқса, университет ректори Юсуф Абдуллаевнинг чиқишларидан таъсирландим. Истеъдодли талабалар – бўлажак инженерлар ҳақида қандай тўлқинланиб, фахр билан гапирдилар. Бугун талабалар саҳнада ҳам ўзини кўрсата олди”, – дейди деярли ярим аср мактабда дарс берган, 20 йилдан кўпроқ мактаб директори бўлиб ишлаган Аълам Аъзамов.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз