Ўзбекистонда 2027–2030 йилларда бешта сел сув омборини қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш сел-паводок сувларидан самарали фойдаланиш, сув таъминотини яхшилаш ва янги қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштиришга қаратилган.
Тегишли чора-тадбирлар президентнинг «Сел-паводок сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, янги гидротехник иншоотлар Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида сув таъминотини яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек, дастурни амалга ошириш орқали қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш режалаштирилган.
Жумладан, Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар янги қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш, Тошкент вилоятида эса яна 300 гектар майдонни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
«Оқтепасой» сел сув омбори лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 2 миллиард сўм ажратилади.
Айрим объектларни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор иштирокида амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Жиззах вилояти Бахмал туманидаги «Тангатопдисой» ва Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Ақсакатасой» сув омборлари хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда қурилади.
Шу билан бирга, гидротехник иншоотлар хавфсизлиги талабларига риоя қилиш шарти билан инвесторларга қўшимча лойиҳалардан даромад олишга рухсат берилади. Гап сув ҳавзалари муҳофаза ҳудудларида туристик-рекреацион зоналар, балиқчилик хўжаликлари ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш ҳақида бормоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти сув хўжалиги соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва тармоқда давлат-хусусий шериклик механизмларини фаол жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.

