Марғилонда илк бор ташкил этилган инклюзив ижодий фестивалда Қарши, Тошкент, Андижон, Нукус ва Марғилондаги «Zamin Creative» студияларининг янги иштирокчилари ва битирувчилари қатнашди.
Фестиваль ёшларга биргаликда ижодий лойиҳаларни амалга ошириш учун ажойиб имконият бўлди. Медиа йўналишида иштирокчилар дунёга машҳур риштонлик кулол Алишер Назиров ва Ёдгорлик ипак матолари фабрикаси билан ҳамкорликда «Нигоҳ» кўргазмасини тайёрлади. Ёш актёрлар ўзларининг саҳна кўринишларида дарахтлар кесилиши ва денгизлар қуриши каби муҳим экологик мавзуларни кўтардилар. Ёш дизайнерлар «биргаликда, бир бутун бўлиш» ғоясини асос қилиб, миллий қуроқ усули, яъни майда парчалардан бир бутун буюм яратиш анъанаси орқали инсоннинг табиатга меҳрибон муносабатини очиб бердилар.
Зироат Мирзиёева болаларни фестиваль муваффақиятли якунлангани билан табриклади, ижодига муваффақиятлар, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш сари йўлда тўлиқ эркинлик, шодлик ва илҳом тилади.