Самарқанд вилоятида 2026-2027 ўқув йили арафасида 138 та мактабни янги жиҳозлар билан таъминлаш лозим эди. Мактаб бинолари, синф хоналари тайёрлаб қўйилди, аммо жиҳозлардан ҳозиргача дарак йўқ. Ўзи нима бўлди? Бундай аҳволнинг сабаби нимада? Кимларнинг масъулиятсизлиги туфайли таълим тизими бундай аҳволга тушиб қолди?
Ўрнатилган кўп йиллик тартиб бўйича, вилоятда келгуси ўқув йилида нечта янги мактаб курилиши, нечтаси эса реконструкция этилиши ҳисоб-китоб қилиниб, Халк депутатлари Вилоят Кенгаши сессиясида тасдикланади ва маълумот октябр-ноябр ойларида Республика Молия вазирлигига юборилади.
Молия Вазирлиги керак бўлса айрим ўзгартиришлар киритиб, йил охирида яъни декабр ойида бу рўйхатни тасдиқлаб беради. Яъни йил бошидаёқ вилоят мактабларига қанча жиҳоз, жумладан, мебел, лаборатория ва махсус фан хоналари учун асбоб-ускуна, компьютер ва ИТ хоналари ҳамда спорт зали жиҳози ва бошқалар лозимлигига аниқлик киритилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мебел ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида тендер ўтказиб, жиҳозлар ўз вақтида, яъни янги ўқув йили бошлангунга қадар таълим муассасаларига етказилишини таъминлаши лозим. Шундай экан, нега ўқув йили бошланганига бир ой бўлаётганлигига қарамасдан, жиҳозлар йўқ?
Ҳамма гап вазирликда! Фақат у ердаги мутасаддларга маълум бўлган сабаблар билан тендер аввалги йиллардагидек, март-апрел ойларида эълон қилинмасдан, улар нималарнидир кутди. Охири, тендер ўтказиш ҳуқуқини вазирлик 10 августларга келиб, вилоят ҳокимликлари қошидаги Инжиниринг компаниясига берди.
Тендер ўтказилиб, ғолиблар аниқлангунича яна вақт ўтди. Самарқандда парта ишлаб чиқаришга мебель фабрикалари 20 августдан кейин киришди. Ҳайрон қолдингизми? “Қачон ғолиб корхона аниқландию, қачон жиҳозлар ишлаб чиқарилди?” деган савол хаёлингизга келдими? Қисқа муддатда 30 мингтадан кўпроқ партани ишлаб чиқариш оғир эканлиги сабабали вилоятда фақат иккита корхона ишга киришди ва шундан 70 фоизини ишлаб чиқараришни ўз зиммасига олди. Қолганини Андижондаги фирма чиқарадиган бўлди. Аммо янги ўқув йили бошланишигача улар улгурмади.
Ана энди ҳақли савол туғилади: жиҳозлар сони аниқ бўлса, маблағ аниқ бўлса, нега Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тендер ўтказишга вақтида, март ёки апрел ойида киришмади? Нимани кутди? Вазирлик масъулиятни бўйнига олиб, зиммасидаги вазифани бажаришга масъулият билан киришганида, парталар янги ўқув йили арафасида тайёр бўларди ва мактаблар вақтида жиҳозланарди. Корхоналар шошилмасдан ўз маҳсулотини талаб даражасида, юқори сифат билан ишлаб чиқаришга улгурарди.
Хўш, юзага келган ҳолатга, яъни мактаб бинолари тайёр бўлиб, янги ўқув йили бошланиб кетганлигига қарамасдан, парта ва бошқа жиҳозлар тайёр бўлмаганлигига ким, қайси ташкилот жавоб беради?
Тошпўлат Раҳматуллаев


