Президентнинг 2 октябрдаги қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 14 та педагогик ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 3 та олий таълим муассасаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимига ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий педагогика университети Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети деб қайта номланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг педагог кадрлар тайёрлаш соҳасидаги қуйидаги вазифалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юклатилди:
▪️ ягона концептуал ёндашув асосида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш сиёсатини юритиш;
▪️ педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;
▪️ педагогик таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини, таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари жорий этилишини таъминлаш;
▪️ педагогика соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш;
▪️ педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг бошқарув тизимини такомиллаштириб бориш.


