Икки қитъани бирлаштирган Истанбул нафақат ўзининг гавжум соҳиллари, мазали таомлари, муҳташам кўприклари, меҳмонсевар инсонлари, минглаб масжидлари, бепоён манзарали денгизларию осмонўпар бинолари билан ном қозонган, балки ушбу хашаматли шаҳар ўзининг бой тарихга эга музейлари билан ҳам машҳур туристик шаҳар ҳисобланади.
Куз мавсуми бўлишига қарамай, Туркия айни дамда иссиқ кунларни бошдан кечирмоқда ва бу мамлакатда саёҳат қилиш учун энг қулай вақтлардан саналади. Қуйида сиз билган ва билмаган, Туркия тарихи ва маданиятига ойдинлик киритадиган ғайриоддий музейлари билан танишишингиз мумкин. Ажаб эмас, музей иштиёқмандлари бу зиёрат гўшаларини ўзларининг “Бориб кўриши шарт зиёратгоҳлар рўйхати”га қўшишар?
Зеугма мозаика музейи, Газиантеп
Газиантепнинг Низип туманидан 10 километр шарқда жойлашган Зеугма, Рим империяси ҳукмронлиги даврида диққатга сазовор жой ҳисобланган.
Шаҳарнинг ажойиб бинолари ва жонли ижтимоий ҳаёти Газиантепни муҳим бир марказга айлантирди ва ҳунармандлари бутун минтақада машҳур бўлган. Шаҳар аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этувчи бойлар ўз қасрлари учун ажойиб мозаикалар ва деворий суратлар чиздиришган.
Девор фрескалари Зеугманинг уста рассомлари томонидан чизилган бўлса, уй ва биноларнинг ер қисми эса Фурот дарёсидан олинган ранг-баранг тошлар ёрдамида яратилган мифологик эртаклар ва фигуралар тасвирлари билан безалган.
Зеугма қадимий шаҳри қазишмаларида топилган ҳайратланарли мозаикалар ҳозир Газиантепдаги Зеугма музейида намойиш этилмоқда. Дунёдаги энг муҳим мозаика музейларидан бири бўлган Зеугма, мавзу ва ранг хилма-хиллиги, шунингдек сифати, хусусан, квадрат метрдаги тессералар (мозаик тошлар) сони бўйича фавқулодда мозаика коллекциясига эга.
Музейдаги асарларда ўша даврда шаҳарда яшаган аҳоли ҳаёти, ўша даврга оид эътиқод, маданият ва меъморчилик мос равишда тасвирланган.
Музейнинг кенг коллекциясида шуҳрати бутун дунёга тарқалган Лўли қизи мозаикаси (Çingene Kız Mozaiği) билан бир қаторда уруш худоси Марснинг бронзадан ясалган ҳайкали ҳам ўрин олган.
Жаҳон мероси акс этган музей: Эфес
ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Измирнинг Селчук туманидаги Эфес қадимий шаҳри ҳар бир саёҳатчининг диққат марказидадир. Тахминан 9000 йилдан бери доимий аҳоли истиқомат қилиб келган минтақа Эллинистик, Рим, Шарқий Рим ва Усмонлилар даври гувоҳи бўлган. Эфес Артемидаси, Приапос, Исис ва Миср руҳонийлари ҳайкаллари, шунингдек, қуён ва дельфин билан тасвирланган Эрос ҳайкаллари ва бюстлари каби қадимий хазиналар тўпламига эга Эфес музейи Туркиянинг энг муҳим музейларидан биридир.
Онадўли тарихига саёҳат: Онадўли цивилизациялари музейи
Туркиянинг пойтахти Анқара жуда муҳим музейга мезбонлик қилади. У Анқара қалъаси яқинидаги икки Усмонли биносида жойлашган Онадўли Тараққиёт Музейи. 1997 йилда Европанинг “Йил музейи” сифатида танланган музей мажмуаси, Онадўлига тегишли асарларни ўтмишдан ҳозирги кунгача хронологик тарзда намойиш этади. Музей, Хетлардан Фригияликларга қадар кўплаб даврларни ўз ичига олган палеолит, калколит ва эски бронза даврлари, Оссурия савдо колониялари, қадимги Хет ва Хет императорлик даврларини ўз ичига олади. У ерда Қадимги Гордион шаҳридан топилган асарлар ҳам ўрин олган.
Турк Ривиерасининг марваридлари: Анталия музейи
Туркиянинг энг йирик музейларидан бири йилига 300 куни қуёшли бўлган Турк Ривиерасининг юраги Анталияда жойлашган бўлиб, Анталия чегаралари ичида яшаган уч қадимий маданият ҳудуди Ликия, Памфилия ва Писидияга бағишланган ва ҳайкалтарошлик асарларини ўз ичига олади. Анталия музейи 1988 йили Европа Кенгашининг “Йил музейи” мукофотини қўлга киритган бўлиб, ўз қийматига эга мажмуадир. Музей коллекциясида хориждан Туркияга қайтарилган кўплаб муҳим асарлар мавжуд. Қадимги Бубон шаҳридан Септимиус Северус ҳайкали, Пергедан иккита ҳайкал ва Чаталҳўюкдаги она маъбудадан иборат жами 12 асарни ўз ватанида, яъни, Анталия музейида кўриш мумкин.