9 май арафасида Central Park (собиқ Тельман номидаги боғ)да Ўзбекистон давлат филармониясининг «Сўғдиёна» халқ чолғулари камера оркестри томонидан ташкил этилган «Ер юзида тинчлик йўлида» номли концерт бўлиб ўтди.
Тадбирда А.Навоий номидаги ДАБТ солистлари, Татарстан Республикаси халқ артисти Феруза Халдарова, Ўзбекистон давлат филармониясининг хор капелласи, шунингдек Успенский номидаги РССМШИ солистлари ва жамоавий хори иштирок этди.
Бутун кеча давомида саҳнадан уруш йиллари қўшиқлари, ватанпарварлик руҳидаги асарлар ҳамда тинчлик, жасорат ва авлодлар хотирасига бағишланган композициялар янгради. Самимий муҳит турли ёшдаги инсонларни бирлаштириб, тарихий хотирани сақлаш ва фахрийлар жасоратига ҳурмат кўрсатиш муҳимлигини яна бир бор эслатди.
— Илгари хор дирижёри ва болалар хори раҳбари бўлганман. Уруш йиллари мавзуси мен учун доимо яқин бўлиб келган, — деди концерт тингловчиси, пойтахтлик Милана Игоревна Чупова. — Мен уруш ҳақидаги қўшиқлар ва фильмларни яхши кўраман, чунки бу нафақат мамлакат тарихи, балки менинг оилам тарихи ҳамдир. Яқинларим урушда қатнашган. Амаким хизмат қилган. Отам штрафбат ва танк қўшинларида хизмат қилиб, Венгрияни озод қилишда иштирок этган. Онамнинг опаси урушни Германияда якунлаган, тиббий хизмат майори бўлган ва 1946 йилда ҳалок бўлган. Онам эса икки йил оккупацияда яшаган. Уруш бизнинг оиламизга жуда чуқур таъсир қилган, шунинг учун ўша воқеалар хотираси мен учун доимо шахсий, муҳим ва оғриқли мавзу бўлиб қолади. Ишонаманки, биз тирик эканмиз, бу хотирани келажак авлодларга етказишга мажбурмиз. Шу боис уруш йилларига бағишланган концертлар, хотира кечалари ва учрашувлар жуда муҳим. Айниқса, уларда болалар иштирок этаётгани аҳамиятли. Ёшлар Ғалаба қандай қиммат эвазига қўлга киритилганини билиши ва англаши керак.
Концертга кўплаб ёшлар ҳам ташриф буюрди. Улар уруш нималигини билмасалар-да, хотира мавзуси улар учун ҳам долзарблигича қолмоқда.
— Мен 23 ёшдаман, мусиқа соҳасида ишлайман. 9 май санасига жуда яхши муносабатдаман. Мамлакатимизда бу сана, аввало, Хотира ва қадрлаш куни сифатида қабул қилиниши менга ёқади. Бу — урушнинг фожиали воқеаларини ёдга олиш, уни бошдан кечирган инсонларга ҳурмат бажо келтириш имконияти. Бизда бу кун хотира, эҳтиром ва миннатдорлик муҳитида ўтаётгани жуда қадрли. Ҳар йили паркларда концертлар, байрам дастурлари ва турли хотира тадбирлари ўтказилади ва бу жуда муҳим, — деди томошабинлардан бири Ева Халикова. — Онам ўн йилдан ортиқ вақтдан бери хорда қўшиқ айтади. Деярли ҳар йили у 9 майга бағишланган концертларда иштирок этади. Тельман номидаги боғда бундай чиқишлар ҳар йили ўтказилади, бу аллақачон анъанага айланган. Бизнинг оиламиз учун бундай тадбирларда қатнашиш — тарихга бўлган ҳурмат ва хотиранинг бир қисми. Бундай анъаналар сақланаётгани муҳим.
Томошабинларга айниқса Успенский номидаги мактаб хори чиқиши маъқул бўлди. Болаларнинг бундай концертларда иштирок этиши яхши анъанага айланган бўлиб, бу уларда ватанпарварлик туйғуси, тарихга ҳурмат ва тинч осмонни сақлаб қолган инсонларга миннатдорлик ҳиссини тарбиялашга хизмат қилади.
— Ҳар йили шундай тадбирларда қатнашишга ҳаракат қиламиз. Бугун айниқса ёш авлодни Иккинчи жаҳон уруши мавзусига яқинлаштириш муҳим, токи болалар тарихни билишсин ва тинч осмон бизга қандай қиммат эвазига насиб этганини англашсин. Биз ҳар доим бизга озодлик, тинчлик ва хотиржам ҳаётни ҳадя этган инсонларга катта миннатдорлик билан қараймиз. Мактабимизда бир нечта хор жамоалари фаолият юритади. Бугунги концертда ўрта ёш тоифасидаги хор қатнашмоқда. Шунингдек, катта хор иштирокчилари — саккизинчи ва тўққизинчи синф ўқувчилари ҳам чиқиш қилди. Биз кўп йиллардан бери ушбу тадбирларда иштирок этиб келамиз ва «Сўғдиёна» ўзбек халқ чолғулари оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри Фируза Абдураҳимовага таклиф учун миннатдормиз, — деди Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби хор дирижёрлиги ўқитувчиси Сураё Абдумаликова.
Парк меҳмонлари артистларни илиқ кутиб олди, кўплаб томошабинлар эса таниш қўшиқларга жўр бўлиб, кечага самимий ва унутилмас муҳит бағишлади.
Динара Шамухамедова

