Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.
Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқатидир. Бунинг асосий сабабларидан бири – глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда. Давлатлар ўртасидаги бундай ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда.
Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда.
Шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда.
Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас.
Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.
Самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.
Муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели
Барчанинг ва ҳар бир томоннинг манфаатларига жавоб берадиган халқаро ҳамкорликни кўп томонлама институтларсиз амалга ошириб бўлмайди. Ушбу институтлар фаолиятидаги муайян камчиликларга қарамасдан, улар минтақавий ва глобал миқёсда давлатлараро ҳамкорликнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилишда давом этмоқда. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш хамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беради.
Кўп томонлама фаолиятга асосланган энг ёш институтлардан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлайди. Бу ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилмадир. Тарихан қисқа даврда ШҲТ катта йўлни босиб ўтиб, глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланди, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин.
Бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотдир.
ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги унинг фаолияти асосини ташкил этадиган қуйидаги тамойилларда намоён бўлмоқда: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир.
ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.
Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда.
ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради.
Янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сонининг кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжуд. Бу ўринда гап транспорт
ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим йўналишлар ҳақида бормоқда.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги: биргаликда ривожланиш орқали умумий муваффақият сари
Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди.
Бизнинг асосий шиоримиз – “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”. Уни амалда рўёбга чиқариш йўлида Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилдик.
Йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди. Бунда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг янги йўллари ва нуқталарини излаш каби кўплаб муҳим масалалар қамраб олинди.
Ўз тараққиётининг янги тарихий босқичида турган ШҲТ учун катта истиқболга эга бу йўналишлар Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
ШҲТга аъзо барча давлатлар – энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиздир.
Ташкилотга раислик бизга улар билан кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар берди.
Шунга ишончим комилки, бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир. Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир.
Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.
Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам англаш муҳимки, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин.
Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз.
«Самарқанд руҳи» – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси
Савдо-иқтисодий ва ишлаб чиқариш алоқаларининг жиддий узилишига олиб келган уч йиллик “пандемия танаффусидан” сўнг ШҲТ мамлакатлари ва халқларига тўғридан-тўғри мулоқот зарур.
Буюк Ипак йўлининг дурдонаси бўлган қадимий Самарқанд шаҳри жаҳоннинг ўн тўртта мамлакати етакчиларини Ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр.
Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган.
Азал-азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон бўлиб, бу масканда инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган. Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни – бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган. Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди.
Бугун замонавий ва жадал ривожланаётган инфратузилмаларга эга бўлган Самарқанднинг бундай ноёб жиҳатлари уни минтақавий ва глобал хатарларни биргаликда муҳокама қилиш, бу борада зарур ечимларни излаб топиш учун энг қулай ва мақбул майдонга айлантирмоқда.
Инсониятнинг бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги шу даражада юқорики, мавжуд хатарларнинг аксарияти нафақат минтақалар, балки умумжаҳон миқёсида ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда.
Кўп йиллик биргаликдаги ишларимиз тажрибасига таяниб ишонч билан айтамизки, ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади.
Самарқанд ташқи сиёсат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш ва муросага келтиришга қодир айнан шундай платформага айлана олади.
Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Аслини олганда, “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради.
Шу сабабдан аминмизки, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз – Ташкилотнинг таркиби кенгайиб, унинг келажак кун тартиби шаклланади ва бунда чуқур рамзий маъно мужассам.
Ишончимиз комилки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитида қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти