Давлатимиз раҳбари Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Ушбу форум 24-26 март кунларига режалаштирилган бўлиб, унда халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмалар, 56 та давлатдан 1 минг 500 нафардан зиёд йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё таррақиёт банки президентлари, вазирлар, йирик корпорация ва компаниялар раҳбарлари иштирок этади.
Форум доирасида ялпи мажлис ва шўъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, брифинглар каби 40 дан ортиқ тадбирлар кўзда тутилган.
Мазкур анжуман мамлакатимиз иқтисодиёти учун зарур бўлган истиқболли лойиҳаларнинг тақдимот платформаси бўлиб хизмат қилади. Юртимиздаги имкониятлар, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва жозибадор йўналишлар таништирилади.
Йиғилишда форумга тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари бундай инвестиция форуми Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётганига эътибор қаратиб, уни юқори даражада ташкиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Мамлакатимизнинг халқаро бизнес ҳамжамиятига очиқлигини намойиш этиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестицион салоҳиятини кўрсатиш зарурлиги таъкидланди. Йирик лойиҳаларга илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ натижаларга эришиш вазифаси қўйилди.