«Ҳилят ул-авлиё»да келтирилишича бир куни Зайнул Обидин Али ибн Ҳусайн ҳузурларига Ироқдан бири гуруҳ кишилар келишади. Улар ўзаро суҳбатда Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумлар ҳақида баъзи нолойиқ сўзларни айтишади. Улар тўхтагач Зайнул Обидин дейдилар:
«Менга айтингларчи, сизлар мабодо Аллоҳ ўз каломида: «Улар ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган ва Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истайдиган ва Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига ёрдам берувчидирлар», – деб мақтаган муҳожирлар эмасмисиз?», – дейдилар. Улар: «Йўқ!», – дейишди.
«Бўлмаса: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва имон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) ва ўзлари (нинг ёнига)га ҳижрат қилиб келган кишиларни севувчи ва дилларида уларга берилган нарса-ўлжалар сабабли бирор ҳасад туймайдиган, ҳамда ўзлари муҳтож бўлсалар-да, ўзларини қўйиб ўзгаларни ийсор-ихтиёр қилувчидилар», – деб айтган ансорларданмисиз?», – дедилар. Улар яна: Йўқ!», – дейишди.
Ёки, Аллоҳ каломида: «Улардан кейин дунёга келганлар айтарлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва биздан имон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда имон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта сен меҳрибон ва раҳмлидирсан», деб айтадилар», – дея зикр қилган кишиларданмисиз?», – дедилар. Улар бунга ҳам: «Йўқ!», – дейишди.
Шунда Зайнул Обидин: «Бўлмаса, мени ҳузуримдан кетинглар, Аллоҳ сизларга қиладиган ишини қилиб қўйибди!», – деб уларни чиқариб юборадилар.
Маълум бўлмоқдаки, Имом Зайнул Обидин ҳазратлари бу ерда уларга ҳакимона йўл билан насиҳат қилиб, саҳобаларга нисбатан фақат яхши фикрда бўлиш зарурлигини уқтирмоқдалар.
Раҳматуллоҳ Файзуллаев,
Марғилон шаҳридаги «Робия ҳожи она» масжиди имом-хатиби
Манба: azon.uz