Тунис полицияси Facebook’даги видеопостида Ницца шаҳрида содир этилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олган ва ўзини «Тунис жанубидаги ал-Маҳдий» гуруҳи тарафдори деб таништирган шахс ҳибсга олинганлигини эълон қилди. Бу ҳақда Тунис биринчи инстанция суди ахборот идораси раҳбари Муҳсин ад-Далига таяниб, «РИА Новости» хабар қилди.
«Миллий Гвардия ҳузуридаги антитеррор гуруҳи тунда Facebook’да жойлаштирилган видеодаги одамни ҳибсга олди», – деди ад-Дали.
Унга кўра, суратга олган оператор ҳам ҳибсга олинган ва ушбу икки шахсга нисбатан тергов бошланган. Бундан ташқари, вакил таъкидлашича, Тунис ҳукумати бундай гуруҳ борлиги ҳақидаги маълумотларнинг қанчалик ҳақиқат эканлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Франциянинг Ницца шаҳридаги Нотр-Дам ибодатхонасида қуролланган эркак одамларга ҳужум қилиб, уч кишини ўлдирди. Жиноятчи 21 ёшли тунислик бўлиб чиқди. Франция ҳукумати Ниццадаги ҳужумни теракт деб баҳолади, мамлакатда террористик хавфнинг энг юқори даражаси эълон қилинди.
29 октябрнинг ўзида Франциянинг Авиньон шаҳрида пичоқ билан қуролланган эркак «Аллоҳу акбар» деб қичқириб, полициячиларга ҳужум қилишга уринган. Полициячилар ўт очган ва ҳужум қилган эркакни ўлдирган. Деярли бир вақтда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Франция консуллигига ҳужум уюштирилган, консуллик қўриқчиси жароҳат олган. Ҳужум қилган эркак қўлга олинган. Бундан ташқари, Францияда Лион шаҳрида ҳам содир бўлиши мумкин бўлган яна бир тажовузкор ҳаракатнинг олди олинган.
Шунингдек, 30 октябрда Париж шаҳрида қуролланган эркак полициячиларга ҳужум қилишга урингани хабар қилинди.
Манба: daryo.uz