Қорабоғдаги урушнинг 12-кунида ҳарбий ҳаракатлар бошлангач сурати бутун дунёга тарқалиб машҳур бўлган арманистонлик артиллериячи Альберт Ованнисян ҳалок бўлгани маълум бўлди. Қурбон бўлган арман ҳарбийлари рўйхатида номлар сони 350тага етди; Шушада бир неча журналист озарлар ҳужумига учраб жароҳатланди.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлиги пайшанба куни урушда ҳалок бўлган арман аскарлари рўйхатига яна 30 номни қўшиб қўйди ва рўйхатда исми-шарифи келтирилганлар сони энди 350тага етди.
Бу маълумотлар ҳақиқийлигини текшириш имконсиз; арман ҳарбийларининг ўзи ҳам бу рўйхат тўлиқ эмаслигини тан олишмоқда. Бу ҳақда шу кунги брифинг вақтида Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованнисян айтиб ўтди.
У фронтда шафқатсиз жанглар кетаётгани, қўмондонларда ҳамиша ҳам барча маълумотларни етказиб беришга вақт бўлмаслиги, баъзи ҳолларда ҳалок бўлган аскар олдига етиб бориш, баъзи ҳолларда эса унинг шахсини аниқлаш қийинчилик туғдиришини айтиб ўтган.
Озарбойжон томони эса умуман ўз ҳарбий йўқотишлари ҳақида маълумот бермаяпти, мамлакат президенти Илҳом Алиев интервьюларидан бирида бундай рўйхат фақат ҳарбий ҳаракатлар якунлангач эълон қилиниши мумкинлигини айтиб ўтган.
Ҳозирги уруш кўлами 1992-1994 йиллардаги уруш кўламидан каттароқ эканини оддий арифметика билан тушунтириш мумкин.
Ўшанда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар 2 йилу 4 ойга чўзилганди — 1992 йил бошидан 1994 йил майигача.
Ўша урушда қурбонлар сони борасида турлича маълумотлар келтирилган, аммо экспертларнинг кўпчилиги қурбонлар сони 30 мингдан ошиқ бўлганини айтишади.
Шу тариқа, ўша урушда кунига кўпи билан ўртача 35 киши ҳалок бўлган — бу икки томоннинг ҳарбийлар ва тинч аҳоли ўртасидаги йўқотишларини ўз ичига олади.
Манба: stopterror.uz